Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:(Қиёматда) Одамлар Тиҳома тоғи каби (катталикдаги) яхшиликлар билан келишади. Аллоҳ уларнинг амалларини тўзиган чангдек қилиб қўяди (яъни, уларнинг яхшиликларини пучга чиқаради), дедилар.

Шунда Савбон розияллоҳу анҳу: “Ё, Расулуллоҳ, биз улардан бўлмаслигимиз учун уларни бизга таърифлаб беринг”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, кўринишлари ҳам cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар Аллоҳ ҳаром қилган нарса билан холи қолишганда чегарани бузадилар” (яъни, ёлғиз қолган вақтларида Аллоҳ қайтарган ишлардан тийилмайдилар), дедилар (Ибн Можа, Имом Табароний, Абул Фазл ривояти).

Нега ёлғиз қолсангиз гуноҳ ва шаҳвоний ишларни қиласиз?! Ахир ўша ишларингизни оилангиз билишларини истамайсизку. Эшикни ёпиб олиб, одамлардан уялиб, беркиниб гуноҳ қилмоқчи бўласиз, лекин Роббингиздан, У Зот қайтарган ишни қилишдан уялмайсизми?

Аллоҳ кузатиб турганини, қилаётган ҳар бир амалингиздан хабардор эканини унутасизми? Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳолбуки, сизнинг устингиздан кузатиб турувчилар бордир. Улар ҳурматли ёзиб турувчилардир. Улар нима қилаётганингизни биладир” (Инфитор сураси, 10–12-оятлар).

Гуноҳ қилаётган тана аъзоларингиз зиёнингизга гувоҳлик берганда, қўлларингиз гапиртирилганда, оёқларингизга забон берилганда, маҳшар майдонида бутун инсоният жамланганда айбларингиз ошкор қилинганда қаерга қочасиз, нима деб жавоб берасиз?

Қуръони каримда бундай дейилади: “Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур!” (Ёсин сураси, 65-оят).

Қиёмат куни аъзоларингиз сўзлаётганда ҳолатингиз қандоқ бўлиши ҳақида фикр юритиб кўринг. Аллоҳ қайтарган ишларни қилганингиз, ҳаром нарсаларга боққан нигоҳларингизга қанчалик ҳасрат-надомат қиласиз. Фаҳш ва беҳаё гапларингиз учун ҳам шунчалик пушаймон бўласиз.

Елкангиздаги икки фаришта номаи аъмолингизга қилган ҳар бир амалингизни ёзадилар. Вафот этсангиз, китобингиз ёпилур, аммо у билан энди маҳшар майдонида қўлингизга тутқазилган учрашасиз. Шунда Аллоҳ сизга бундай дейди: “Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан” (Исро сураси, 14-оят).

Гуноҳлар оқибатини ўйласангиз, уларни тарк этасиз. Унутмангки, ғам-қайғу, маҳзунлик, тушкунлик, қалб торлиги ҳамда Аллоҳ таолодан йироқ бўлишнинг барчаси гуноҳларингиз туфайлидир.

Ҳар қандай гуноҳдан қутулиш учун гуноҳга олиб борувчи сабаблардан йироқ бўлинг. Саждада кўзёш тўкинг ва Аллоҳдан ёрдам сўранг. Албатта, бу иш жидду жаҳд ҳамда сабр-тоқатни талаб этади.

Билингки, ҳар қандай саъй-ҳаракатингиз асло беҳуда кетмайди, заррача қилган яхши амалингизни Аллоҳ таоло улкан яхшиликлар билан мукофотлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Бизнинг (йўлимизда) жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилувчилар биландир” (Анкабут сураси, 69-оят).

Яна шуни унутмангки, Аллоҳ таоло қилган тавбангизни имтиҳон қилиш, синаш учун яширинча бажариладиган гуноҳларни осонлаштириб қўяди: “Аллоҳ ундан ким ғойибона қўрқишини билиш учун...” (Моида сураси, 94-оят).

Шундай экан, бир сонияга бўлса ҳам асло Аллоҳ таоло Сизни кўриб турганини ёдингиздан чиқарманг!

Даврон НУРМУҲАММАД

1313 марта ўқилди

Мақолалар

Top