Мақолалар

Аллоҳдан олим фарзанд сўраган ота

Имом Ғазолий (450/451-505)

Олимнинг тўлиқ исми: Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғазолий. Ҳижрий 450 йили Тус вилоятининг (ҳозирги Машҳад) Тобарон шаҳрида таваллуд топган.

Отаси солиҳ ва камбағал одам бўлиб жун йигириш билан шуғулланарди. Уламоларни қаттиқ ҳурмат қилар ва уларнинг хизматида бўлиб, имкони борича уларга эҳсонлар берар эди. Аллоҳдан олим бўладиган ўғил сўрарди. Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди ва унга бир эмас икки ўғил берди. Ота ўғилларидан бирига Муҳаммад, бошқасига Аҳмад исмини қўйди.

Ғазолий дастлабки илмларни ўз шаҳрида олди. Сўнгра Журжонга илмий сафар қилган. У ердан Нишопурга бориб, Имом Ҳарамайндан илм олди. Устози Имом Ҳарамайн (Жувайний, ваф. 478) уни жуда ҳам яхши кўрар ва мақтаб: “Ғазолий тубсиз денгиздир”, дер эди. Имом Ғазолий илм олишда тенгдошларидан анча илгарилаб кетди ва устозига ёрдамчи бўлиб фаолият кўрсата бошлади.

Ҳижрий 484 санада “Низомия” мадрасасининг бош мударриси этиб тайинланди. Бу ўша вақтнинг энг обрўли диний мансаби эди. Ғазолий бу мансабга ўттиз тўрт ёшида эришди ва бундай шарафга сазовор бўлган энг ёш олим бўлди.

Имом Ғазолий илми каломни пухта эгаллади ва бу борада бир қанча китоблар ёзди: “ал-Иқтисод фил эътиқод”, “Илжомул овом ъан илмил калом”, “Ақийдату аҳли сунна”, “Фазоиҳул ботинийя”, “ал-Қистосул мустақийм”, “Мустазҳирий”.

Фалсафа ва мантиққа оид қуйидаги китобларни ёзиб қолдирди: “Мақосидул фалосифа”, “Таҳофутул фалосифа”, “Маҳкун назар фил мантиқ”, “Меъёрул илм фил мантиқ”, “Ал-Мунқиз миназ Золал”.

Олимнинг тасаввуф ва динга оид китоблари: “Одобус сўфийя”, “Ал-Арбаъун фи усулуддин”, “Иҳяу улумуд дийн”, “Жавоҳирул Қуръон ва дураруҳу”, “Ал-Рисола ал-ладунийя”, “Мишкотул Анвор”, “Минҳожул Обидийн илал Жаннати”, “Мийзонул аъмал”.

Имом Ғазолийнинг китоблари ичида “Иҳяу улумуд дийн” асари алоҳида эътибор қозонган. Ҳофиз Ироқий Шофеъий (ваф. 806) “Иҳяу улумуд дийн” асарига “Ал-муғний ъан ҳамлил асфар” номли тахриж ёзган. Шунингдек, Шайх Муртазо Забидий Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ (1145-1205) ҳам “Итҳаф ас-садат ал-муттақин” номли тахриж ва шарҳ битган.

Имом Ғазолий илмнинг кўплаб соҳалари бўйича етук олим саналган. Аммо унинг ҳадис илмида билими кам бўлган. Бу ҳақда бундай деган:

أنا مجزى البضاعة في الحديث.

“Ҳадис илми бўйича билимим етарли эмас”[1].

Умрининг охирида ҳадис илмини эгаллашга ҳаракат қилган. Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ларини ўқиб бўлганидан кейин вафот этган. Имом Ғазолий ҳижрий 505 йили Тобаронда вафот этди.

Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.

[1] Ал-бидоя ван-ниҳоя. – Миср: Дор ал-ҳадис. 5 нашр. 1996. Ж. 12. – Б. 87.


1141 марта ўқилди

Мақолалар

Top