Мақолалар

Қасамнинг каффорати

Cавол: Қасамнинг каффоратини тушунтириб берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аслида қасам ичган одам қасамига содиқ қолиши лозим. Агар қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорат бериши вожиб бўлади.

Қасамни бузган киши хоҳласа ўн кишини таомлантиради, хоҳласа уларни кийим билан таъминлайди. Бунда камида шим ва кўйлак каби кийимлар бўлиши керак. Агар бу икки ишдан бирортасига қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади. Қасамни бузмасдан туриб каффорат тўланмайди. Қасамнинг каффорати ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: “...Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз” (Моида сураси, 89-оят).

Агар киши ўз ота-онасига гапирмаслиги каби гуноҳ ишни қилишга қасам ичган бўлса, қасамини бузиб, каффорат тўлаши лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир ишга қасам ичсаю, кейин ундан бошқаси яхшироқ эканини билса ичган қасамига каффорат тўласин-да ўша яхшироқ ишни қилсин”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Бу ҳукмларда қасамни билиб туриб бузган ҳам, мажбурланиб бузган ҳам, унутиб бузган ҳам баробардир (“Ал-Мухтор”, “Фатҳу бабил иная”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

1117 марта ўқилди

Мақолалар

Top