Мақолалар

Уммон ортида тез ёйилаётган дин

“Янги Америка тарихи” китоби муаллифи Питер Мансо Ислом Америка тарихининг ажралмас қисми эканини илмий далиллар асосида таъкидларкан, жумладан, бундай дейди: “Мусулмонлар бу ерда Америка Қўшма Штатлари ташкил этилганидан аввал ҳам бўлган, улар минглаб киши бўлиб бу ерга келишган”.

Бошқа манбаларда ҳам Америка қитъа­сига Колумбдан кўп йиллар бурун андалу­сиялик мусулмонлар келгани айтилган.

АҚШ давлати ташкил топмасиданоқ бу ўлкада мусулмонларнинг ҳаёт кечиргани ушбу давлат тарихига назар ташланганда ҳам кўринади. Масалан, АҚШни мустақил республика сифатида тан олган илк давлат Марокаш Султонлиги эди (1777), 1805 йилнинг 9 декабрида президент Томас Жефферсон Оқ Уйда Тунис элчиси Саид Сулаймон шарафига ифтор уюштирган, 1861–1865 йиллардаги фуқаролар уруши­да қаҳрамонлик кўрсатган Петр Салим ҳам мусулмон бўлган.

АҚШда биринчи масжид ва исломий ташкилот 1913 йили Нью-Жерсида очилган. Масжидларни мусулмонлар ўз маблағла­ри ҳисобидан қурганлар.

АҚШнинг маҳаллий аҳолиси, айниқса, аёллар ва ёшлар орасида Исломга кирувчилар сони ортиб бораётгани ижобий ҳодиса, албатта. Шунинг билан бирга, бу давлатга кўчиб келган мусулмон муҳожирлар ҳисобига ҳам мусулмонлар сони кўпайяпти. Жумладан, 2005 йили мусулмон давлат­ларидан келган 96 000 киши АҚШ фуқа­ролигини олган бўлса, 2009 йили 115 000 мусулмон Қўшма Штатлар фуқаросига айланди. Айниқса, 11 сентябрь воқеасидан сўнг АҚШ аҳолиси Исломга янада кўпроқ қизиқа бошлади. Биргина 2005 йилнинг ўзида ушбу давлатнинг 20 000 дан ортиқ фуқароси Исломга кирди. Бу рақам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. АҚШ мусулмонлари сони мамлакат аҳолисининг бир фоизига етди. 2040 йилга бориб Ислом бу ерда иккинчи динга айланиши тахмин қилинмоқда.

Америкада масжидлар сони 2020 йили 2769 тага етди. Мусулмонлар турли соҳаларда меҳнат қилиб, мамлакат тарақ­қиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Улар бошқалардан тўқроқ ҳаёт кечиради. Жумладан, Жанубий Осиёдан келган муҳожирларнинг аксари яхши таълим олган ва саноатнинг даромадли соҳаларида меҳнат қиладилар. Шу боис даромади оддий америкаликларникидан анча кўп. Улар орасида врачлар, олимлар, муҳандислар, дас­турчилар ва тадбиркорлар бор.

2018 йил АҚШ конгрессига Миннесота ва Детройт штатларидан икки мусулмон аёл – келиб чиқиши сомалилик бўлган Ильхон Умар ва ота-онаси фаластинлик бўлган Ра­шид Тлаиб депутат этиб сайланди.

Ҳар йили Рамазон ойида Оқ Уйда мусулмонлар учун катта ифторлик ўтказилиб, унда мамлакат президенти ҳам иштирок этади.

Туркистон – Америка ассоциацияси маъ­­лумотига кўра, АҚШда бугунги кунда 20 мингдан ортиқ этник америкалик ўзбек истиқомат қилади. Уларнинг аксари 40­ йилларнинг охири ва 50-йилларда Европа­дан, 1960 йилдан бошлаб Туркиядан, 1979 йилдан Афғонистондан кўчиб боришган. 1992 йилдан эса Green card асосида ҳар йили минглаб ўзбеклар АҚШда яшаш ва иш­лаш учун кўчиб бормоқда.

Раҳматуллоҳ АҲМЕДОВ 
тайёрлади. 

Муаллиф ҳақида 

Раҳматуллоҳ Аҳ­ме­дов 1975 йили Қаш­­қадарё вилояти Чи­роқ­чи туманида ту­ғилган. 

1996 йили Имом Бу­хорий номидаги Тош­кент ислом институтини битирган.

2016 йилдан бери Касби туманидаги “Раҳматуллоҳ Суяров” жоме масжиди имом-хатиби.

 

1725 марта ўқилди

Мақолалар

Top