Мақолалар

Муваффақият душманлари ҳамжамияти

Бобомиз Одам алайҳиссалом замонларидан бери мавжуд бўлган бир жамият бор. Унга лаънати иблис асос солган, бошқарув мажлисига ҳам ўзи раислик қилган ва унга аъзо бўлиш учун қабиҳ шартлар қўйган: маккорлик, айёрлик, гиж-гижлаш, одамларни тафриқага солиш, ҳиқду-ҳасад, адоват, ёмон кўриш ва ҳоказо…

Саҳиҳ ҳадисда қуйидагича келади: “Иблис тонг отганда аскарларини ерга тарқатади ва айтадики: “Ким бугун битта мусулмонни йўлдан урса, унга тож кийғазаман”. Кейин ҳалиги аскари бориб келиб айтади: “Хотинини талоқ қилмагунча қўймадим, ярашиб кетишига сал қолганди”. Яна бошқаси: “Ота-онасига оқ қилдирдим, сал қолса уларга яхшилик қилиб қўярди”. Яна биттаси келиб: “Мен бир мусулмонни ширк келтиришга олиб бордим”, деса иблис “Сен, айнан сен!” дейди. Кейин яна биттаси келиб: “Мен битта мусулмонни васаваса қилиб тинч қўймадим, охири у одам ўлдирди”, дейди. Шунда иблис: Сен, айнан сен!”, дейди ва унга тож кийдиради”.

Ўша замонлардан бери бу жамият аъзолари, макр-ҳийлаларининг тури кўпайиб бормоқда.

Ҳатто шундай одамлар чиқдики, лаънати иблисга ўзларини нисбатлаш ила фахрланадилар. Баъзилари маккорлик бобида шу даражага етганки, иблисга дарс беради, шайтон ҳам уларнинг олдида ип ечолмайди. Шунақалардан биттаси мақтаниб шеър ёзган экан:

Бўлган вақтим шайтонга аскар

Юрагимга хўп қувонч тўлди

Кунлар ўтиб, йиллар айланиб

Иблис менинг аскарим бўлди!

Хўш, улар нега бунчалик ҳаракат қилишади, бу алдовларнинг боиси не?

Сабаби иблис ва унинг аскарлари ҳақида Анъом сурасининг 112-оятида:

“Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар”, дейилган. Улар Аллоҳнинг бандаларидан ҳеч кимнинг муваффақият қозонишини хоҳлашмайди, Аллоҳнинг буйруғига бўйсунилишини исташмайди. Ҳеч ким мақбул амалларга, Аллоҳнинг тавфиқига мушарраф бўлмасин дейишади. Улар ҳар қандай муваффақиятга, ҳар қандай яхшиликка душмандир.

Уларнинг лойиҳасида қуйидаги бандлар бор:

Яхши амаллар қиладиган одамни амалидан қолдириш;

Ёмон амал қиладиган одамни ёмонликка одатлантириш;

Макру-ҳасаднинг барча воситаларини оммага ёйиш;

Ҳар қандай эзгу амалларни йўққа чиқариш;

Ҳақиқатларни ўзгартириб юбориш ва чиройли гаплар билан одамларни ақлдан оздириш;

Одамлар қалбига ўзаро ғиллу-ғашлик, адоватни ёйиш;

Совға-саломларни бекор қилиш, бидъат-хурофотларни юзага келтириш.

Бу жамият ҳатто турли ахборот воситаларига ҳам дахл қилмоқда, интернет сайтларида одамларни ўз домига тортмоқда. Мақсад – аъзоларни кўпайтириш, инсониятни гуноҳ-маъсият ботқоғига янада ботириш. Ҳар бир ижод, ҳар бир иқтидор, ҳар қайси ишдаги муваффақият ва ҳар қандай мутахассислик – бу жамият аъзоларининг хўрагидир...

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

949 марта ўқилди

Мақолалар

Top