Мақолалар

Болангизга бола бўлинг

Киши жамиятда қандай мавқеда бўлишидан қатъи назар болаларига нисбатан бола бўлиши керак. Улар билан вақт ўтказганда тадбиркорми, косибми, деҳқонми, шифокорми, бинокорми, ким бўлса бўлсин, ўзлигини унутиб болаларнинг муҳитига мослаша олиши керак. Керак бўлса, болаларнинг ўйинларини улар билан қўшилиб ўйнаши лозим. Бу нарса фарзанд билан ота-она орасидаги ришталарни янада мустаҳкамлайди. Орада деворлар пайдо бўлишига йўл қўймайди.

Аммо баъзилар бундай қилиш ота-онанинг фарзандлар олдидаги ҳурматини туширади деб ўйлашади. Афсуски, қайнонам шундай фикрлайдиган кишилар тоифасидан эдилар. Болалар билан ўйнаган вақтларим менга кўп дакки берардилар. Ёш болалар ичига кириб ўйнаш ўз ҳурматини оёқости қилишдир дердилар. Катта одам болалар олдида виқор билан турса, ҳурмати жойида бўлади, акс ҳолда, болалар унинг гапини бир тийинга ҳам олмайдиган бўлиб қолади деб ҳисоблардилар.

Лекин мен қайнонамнинг гапларига, менга ҳар икки куннинг бирида берадиган танбеҳларига сабр қилар эдим. Уларга қаттиқ гапирмасдим. Айниқса болаларнинг олдида юмшоқ оҳангда гапириб, қайнонамнинг гапларини тилда бўлса ҳам маъқуллаб қўярдим. “Сен болалар билан ўйнаб ақлинг ҳам болаларникидек бўлиб қолибди деб” дилимга озор берсалар ҳам доим яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилардим. Фарзандларимга, айниқса, қизларимга ёмон ўрнак бўлмай дердим.

Қайнонам менга шунча дашном беришларига қарамасдан фарзандларим билан бирга ўйнашдан, уларга ўз дунёқарашлари билан муомала қилишдан тўхтамадим. Аллоҳнинг инояти ила болаларим гапимни икки қилишмас, нима буюрсам ўша заҳоти бажаришарди. Одоб-ахлоқлари жойида эди. Ўйин билан жиддий гапимнинг фарқига боришарди. Шукрки, қайнонам айтганларидек мени назар-писанд қилмайдиган, қулоқсиз бола бўлишмади. Қайнонам кун сайин кўзни қувонтирадиган одоб билан ўсаётган невалраларини кўриб менга олдингидек танбеҳ бермай қўйдилар.

Бир куни болалар билан одатдагидек, “Мен бу ердаман” ўйинини ўйнаётгандик. Бу ўйин қоидаларига кўра, бир бола кўзини боғлаб бошқаларни қидиради. Бошқа болалар эса “Мен бу ердаман” деб кўзи боғланган болани чалғитиб кулишади, ҳазил-ҳузул қилиб қочишга ҳаракат қилишади. Бу жуда қизиқ ўйин. Бир пайт ўйинга берилиб кетиб бир чеккада кузатиб турган қайнонамни пайқамай қолибман. Энди гап эшитсам керак деб турсам, қайнонам жилмайиб “Мен ҳам сизлар билан ўйнай” деб ҳаммамизни ҳайрон қолдирдилар. Болалар ҳам ўйиноарига кутилмаган “ўйинчи”нинг қўшилганидан қувониб дарров бувисининг кўзларини боғлашди. Кейин “мен бу ердаман”лаб бувисини кулдириб, югуртириб роса чарчатишди.

Ҳозир қайнонам жуда ўзгариб, болажон бўлиб қолганлар. Ўша кундан кейин менга болалар билан ўйнаш ҳақида умуман танбеҳ бермай қўйдилар. Мен ошхона ишларидан бўшаб, болалар билан ўйнашга келсам, бувиси аллақачон улар билан ўйинни бошлаб юборган бўладилар. Шундай пайтларда қайнонамнинг дашномларига қўрс-қўпол жавоб қайтармай сабр қила олганим учун Роббимга шукрлар айтаман. Менга сабрни қайнонамга эса ҳақиқатни кўрадиган басират кўзини тортиқ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

849 марта ўқилди

Мақолалар

Top