Мақолалар

Ражаб – рамазонга  тайёргарлик ойидир

 Ислом – улуғ дин. Унинг таълимотидаги ҳар амалга риоя қилиш улуғ ажрларни қўлга киритишга сабаб бўлади. Исломда вақтнинг ҳам алоҳида аҳамияти бор.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз! Мушриклар (мазкур тўрт ой асносида) сизларга ёппасига уруш очсалар, (сизлар ҳам) уларга ёппасига уруш очингиз! Яна, билиб қўйингизки, Аллоҳ тақволилар билан биргадир!» (Тавба сураси, 36-оят).

Бу тўрт ойга Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойлари киради. Мана бу ойларни ҳатто жоҳилият даврида, яъни Ислом дини пайдо бўлгунга қадар ўтган умматлар ҳам ҳурмат ва эҳтиром қилишар эди. Қабилалар ўртасида жанг давом этиб турганда шу ойлар кириб келса, дарҳол урушни тўхтатишиб қурол-аслаҳаларини ечиб қўяр эдилар.

Муқаддас динимизда ҳар бир сананинг ўз фазилати бор. Шу жумладан, Ражаб ойининг ҳам. Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади.

Ҳадиси шарифларда ҳам бу ой улуғланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ой ҳақида:“Албатта, ражаб Аллоҳнинг ойи, шаъбон менинг ойим, рамазон эса, умматларимнинг ойидир” – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Саҳобалар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзалари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломдан ҳадис ривоят қилинган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа рамазона” (“Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”) дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривояти).

Машҳур тобеин Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида бундай деган: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба розияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

Имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб нафл рўза тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқдир.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, халқимиз орасида Ражаб ойида қилиш шарт, деб тушуниладиган ибодатлар пайдо бўлган. Аслида уларнинг асоси мавжуд эмас. Шариатимиз кўрсатмаларида Ражаб ойининг муайян бир кунини рўза билан хосланмаган.

Аслида нафл рўза тутиш, нафл намоз ўқиш савобли ишлардан. Лекин бунинг учун муайян кунни белгилаб, ушбу иш шариат кўрсатмаси деб, одат қилиб олиш ҳамда бунга далил сифатида турли тўқима ҳадисларни ривоят қилиш  тўғри эмас. Айниқса, Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида “Рағоиб намози”ни адо этиш борасида нақл қилинган ҳадисларнинг барчаси тўқима бўлиб, унга амал қилинмайди. Чунки унинг бидъат эканини Ибн Нужайм, Ибн Обидин ва Абдулҳай Лакнавий каби муҳаққиқ уламоларимиз томонидан очиқ-ойдин айтиб ўтилган (“Баҳрур-роиқ”, “Раддул Муҳтор”, “ал-Осорул марфуъа фил-ахборил-мавзуа”).

Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозни бирор кунга белгиламасдан, одат қилмасдан ўқилаверади. Аслида бу ой Рамазони шарифга тайёргарликнинг бошланишидир.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

1045 марта ўқилди

Мақолалар

Top