Мақолалар

Азонда шаҳодат калимасидан кейин салавот айтиладими?

Cавол: Азонда муаззин Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ деса, салавот айтиладими ёки шу калиманинг ўзи қайтариладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Азонда шаҳодат калимасидан кейин шу калимани ўзини такрорлаб турилади. Хоссатан шаҳодат калимасидан кейин салавот айтиш ҳадисларда келмаган. Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг номлари зикр қилинганда салавот айтиш ҳақидаги умумий тавсияларга биноан ва зикр ўрни бўлгани учун бу вақтда ҳам салавот айтиш жоиз. Бу ўринда айтилмаса ҳам, аслида азон тугагандан кейин салавот айтиш ва дуо қилишга буюрилган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Муаззин (азони)ни эшитсангиз, у айтган сўзни айтинг. Кейин менга салот айтинг. Чунки ким менга битта салот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салот айтади. Кейин Аллоҳ таолодан менга васила сўранглар. У жаннатдаги манзила (мартаба)дир. У Аллоҳ таолонинг бандаларидан биригагина лозим бўлади (насиб қилади). Ўша банда мен бўламан деб умид қиламан. Ким менга васила сўраса, унга шафоат етади, деганлар (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

1048 марта ўқилди

Мақолалар

Top