Мақолалар

Қози домланинг Тўрткўлга ташрифи манфаатли бўлди

Шу йил 26-27 январь кунлари Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳромиддин домла Разов Тўрткўл туманида бўлиб, масжидлар фаолияти билан танишиш, жамоатга жума мавъизасини қилиб бериш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби бир қанча ишларни амалга оширди.

Дастлаб Баҳромиддин домла “Мулла Жумабой” масжидида жамоатга “Омонатдорлик  Абу Убайда ибн Жарроҳ тимсолида” мавзусида манфаатли мавъиза қилиб берди. Суҳбат давомида элимизда ҳукм сураётган тинчлик-ҳотиржамликнинг қадрига етиш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг илм ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклаши борасида ҳам сўз юритди.   

Жума намозидан сўнг Қози домла “Меҳр ҳаракати” доирасида “Ўзбекистон” ва “Тинчлик” маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиб, ҳомийлар кўмагида уларга озиқ-овқат маҳсулотларини улашди.

Ташриф давомида Баҳромиддин домла туманда қайта қурилётган “Мунтук бобо” ва “Шорахан” масжидлари қурилиш жараёнини кўздан кечириб, Қорқалпоғистон қозиёти номидан унинг қурилишига яқиндан ёрдам бераётган инсонларга миннатдорлик билдириб, ҳақларига дуои хайрлар қилди. Шунингдек, мазкур масжид ходимлари билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади ва қатор топшириқлар берди.

27 январь куни эса ушбу туманнинг олис ҳудудида жойлашган “Мискин бобо” ва “Жанбасқалъа” масжидларида бўлиб, соҳа ходимлари ва намозхонларга қилинган шароитлар билан танишди.

Қози домла хизмат сафари давомида Тўрткўл тумани бош имом-хатиби Дўстназар домла Қиличовга қурилиши бўлаётган масжидлардан хабар олиб туриш, берилган вазифаларни ўз вақтида бажариш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди

Қорқалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Матбуот хизмати

1597 марта ўқилди

Мақолалар

Top