Мақолалар

Серҳосил олма дарахти

Кичик қизим билан ажойиб бир ишни йўлга қўйганмиз. Ҳар куни эрталаб қизимнинг қўлига олма дарахти чизилган вароқ бераман. Дарахтда 15 та олма тасвирланган бўлади. Қизимга агар яхши иш қилса, битта олмани қизил рангга, агар қулоқсизлик қилиб ёмон иш қилса, ўртоқлари, ака-опалари билан жанжаллашса ёки шунга ўхшаган айб ишларни қилса, битта олмани қора рангга бўяб қўйишини айтаман.

Кейин кечқурун ётишдан олдин қизил ва қора олмаларни санаб чиқамиз. Агар қизил олмалар қора олмалардан кўп бўлса, демак, шу куни қизим яхши қиз бўлган бўлади. Мен унга мукофот тариқасида 10 минг сўм бераман. У пулларни қутичасига солиб қўяди.

Бу усул менга қизимни тарбиялашда жуда қўл келади. Ҳам қизим ёмон одатлардан халос бўлади, ҳам қизимга мукофот бериб уни хурсанд қиламан, ҳам унга керакли нарсалар олиб бериш керак бўлганда ўзининг қутичасидаги митти жамғармасидан сарф қиламиз. Бу билан қизим ўз эҳтиёжлари учун ўзи мустақил ҳаракат қилишни ўрганади. Шу билан бирга қутичаси тўлиши учун ҳам доимо яхши ишлар қилишга ҳаракат қилади. Қисқаси бу “олма дарахти”нинг ҳосили жуда баракали бўлади.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

825 марта ўқилди

Мақолалар

Top