Мақолалар

Ҳали-ҳануз сув қидирмоқда…

Ривоят қилинишича чанқоқдан силласи қуриган тўртта ака-ука елиб-югуриб сув қидириб юришган экан. Йўллари давомида тўртта дарага дуч келибдилар ва ҳар бирлари алоҳида йўлдан юришга, ким сув топса қолганларга олиб боришига ҳамда натижа қандай бўлишидан қатъи назар қуёш ботгунча қайтиб келишга келишишибди.

Бироқ ҳеч қайсилари бир томчи ҳам сув топа олишмабди.

Қуёш ботгач, улардан учтаси қайтибди ва сув қидириш бефойдалигини, ундан кўра турган жойларини қазиб сув чиқарган яхши, деган тўхтамга келишибди. Туни бўйи қазиб, охири тонгга яқин сув чиқаришга муваффақ бўлишибди ва ҳаммалари ундан ичиб чанқоқларини қондиришибди.

Бу воқеани ҳикоя қилиб берган одам айтади: “Келишилган вақтда ортга қайтмаган ва жамоатдан ажраган тўртинчи ука ҳали ҳануз сув излаб юрар эмиш!”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жамоатни лозим тутинглар, бўлинишдан сақланинглар. Чунки шайтон ёлғиз одамга ёпишади, иккита одамдан узоқлашади. Ким Жаннат фаровонлигини истаса, жамоатни маҳкам тутсин!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Аллоҳ таоло умматимни залолат узра жамламайди. Аллоҳнинг ёрдами жамоат биландир!”.

Сиз қилаётган ишингиздан роҳат топсангиз, бошқалар ҳам сизнинг қўл остингизда бу ишдан роҳат топишади.

Ҳолидан хабар олишга масъул бўлган одамларингиздан бохабар бўлинг, уларга яхши муомала қилинг. Ахир ўзингиз ҳам сизга масъул шахсларнинг эътиборини кутасиз-ку, яхши муомала қилишини хоҳлайсиз-ку! Қаттиққўллик зарарлидир, фақат ўзингизга қаттиққўл бўлишингиз фойда бериши мумкин.

Биздаги ачинарли ҳолатлардан бири шуки, кўпчилигимиз бир-биримизга ёрдам беришга ҳаракат қилмаймиз, жамоавий ишларда ҳамжиҳат бўлмаймиз.

Модомики, эгоистлик, худбинлик ичимизда ҳукм сурар экан, жамиятимиз ривожланмайди, аксинча таназзулга юз тутиб бораверади.

Орамизда баъзи одамлар ҳамма нарса ўзиники бўлишини, фақат ўзи бошлиқ бўлишини хоҳлайди. Кимнингдир қўл остида бўлишни хоҳламайди.

Фақат ўзининг фикри олинишини истайди. Биз бу оғриқли дарддан қачон халос бўламиз?!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

1066 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Янги ой бошланди! Соҳиби узрга тегишли ҳукмлар »

Мақолалар

Top