Мақолалар

Уламоларимиз дунёда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда

 

Неча асрлардан буён халқимиз Ислом дини ривожига ўзининг муносиб ҳиссаси қўшиб келади. Бу ҳақиқатни бутун мусулмон дунёси ва жаҳон жамоатчилиги яхши билади ва тан олади. Шукрлар бўлсинким, бундай дин олимлари давомий бўлиб келмоқда.

Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтаётган Мусулмон донишмандлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Юртимиз аҳли учун ушбу йиғилиш тарихий аҳамиятга эга бўлди. У ҳам бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Кенгашга қабул қилинганлари эълон қилинганидир.

Мусулмон донишмандлари кенгаши раиси, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб жаноблари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини ушбу нуфузли кенгаш аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттирар экан, ўз сўзида Марказий Осиё минтақасида ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган кўплаб уламолар орасидан фақатгина Ўзбекистон муфтийси аъзо қилинганига алоҳида урғу қаратгани эътиборга моликдир.

Йиғилишда иштирок этган дунёнинг етакчи ва таниқли уламолари ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини Мусулмон донишмандлар кенгашига қабул қилинганлари тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб, юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юксак эътироф этдилар. 

Муфтий ҳазратларининг ушбу кенгашга қабул қилиниши юртимиз мусулмонлари ҳамда динимиз манфаати йўлида олиб бораётган барча меҳнатларига муносиб эътироф бўлди. Бу ҳам ўтган даврда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро эътирофи, халқимизнинг Ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ёрдами билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги сермаҳсул меҳнатлари самарасидир.

Ушбу хабар элимиз қатори биз Самарқанд аҳли ва вилоятдаги барча диний соҳа вакилларини мамнун этди. Самарқандлик уламо ва устозлар ҳамда барча диний соҳа вакиллари номидан ушбу мўътабар вазифа билан муфтий ҳазратларини қутлаб, Аллоҳ таолодан у кишига Мусулмон донишмандлар кенгаши ҳамда динимиз ва мусулмонлар хизматидаги фаолиятларида улкан муваффақиятлар сўраб қоламиз. 

Зайниддин домла Эшонқулов,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

1050 марта ўқилди

Мақолалар

Top