Мақолалар

Роббингнинг неъматлари

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини оловда топди, қавми уни оловга улоқтирганда Аллоҳ оловга: “Иброҳим учун совуқ ва саломатлик бўл”, деб буюрди, шунда олов Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини қамоқда, маҳбусликда топди. Ҳамма неъматлар қамоққа тушгани сабабли бўлди. Қамоқда бир неча йил ўтиргандан сўнг Миср ҳокими уни ўз ҳузурига чақириб олди ва мавқеи тобора ошиб, охири Мисрга ҳоким бўлди.

Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини улкан балиқнинг ичида топди. Балиқ ютиб юбориши аслида ҳаёт тугашини билдиради, лекин Юнус алайҳиссаломда аксинча, янги ҳаёт бошланди.

Мусо алайҳиссалом учун денгиз Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Каҳф асҳоблари учун ғор Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Савр ғори Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Бу санаб ўтилган нарсалар аслини олганда одамга зарар берадиган ёхуд фойдасиздек кўринадиган нарсалардир. Лекин Аллоҳ таоло айнан шу нарсалар орқали раҳматини, неъматини ато этди.

Шу сингари бошқа барча эшикларни қўйиб, Аллоҳнинг эшигини қоққан барча мўминлар ҳам Аллоҳнинг раҳматига албатта сазовор бўладилар.

Аллоҳ Марямга Ўзининг неъматларини ёғдирди. Ҳолбуки у одамлардан узоқ жойда эди. “Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра, у билан узоқ маконга четланди” (Марям сураси, 22-оят).

Демак, одамларнинг ёрдамидан, сизга тиргак бўлишидан қанча узоқ бўлсангиз ҳам, Роббингиз неъматлари ва раҳматларидан асло узоқ бўлмайсиз!

Синган қалбимизни даволайдиган Зот фақат Аллоҳдир!

Ишларимизни ўнглаб берувчи Зот фақат Раҳмондир!

Кўз-ёшларимизни аритадиган Зот Ягона Роббимиздир!

Қалбингиз синиб, қаттиқ маҳзунликни ўзингизда ҳис этсангиз, Жаббор (малҳам берувчи) бўлган Аллоҳдан сизга малҳам беришини сўранг!

Оғриғингиз қанчалик ортса, Аллоҳнинг малҳами ҳам ортади!

Лекин Аллоҳнинг раҳматини қарангки, гуноҳимиз қанча кўпайиб кетса ҳам азобини орттирмайди, аксинча раҳматини кенг очиб қўяди: “Раҳматим ҳамма нарсадан кенг бўлди” (Аъроф сураси, 156-оят).

Гуноҳ ҳам шу ҳамма нарсанинг ичига киради. Демак, Аллоҳнинг раҳмати ҳамма гуноҳларимиздан ҳам кенг экан, тавба қили Унга юзлансак кечирар, раҳм қилар экан!

Қанчадан-қанча неъматлар банданинг нонкўрлиги туфайли балога айланади!

Қанчадан-қанча машаққат ва қийинчиликларга банда сабр қилса, улар неъматга айланади! Аниқроғи Аллоҳ уни неъматга айлантиради.

Аллоҳ таоло Ғафур” (ўта мағфиратли) исмини “Вадуд” (яхши кўрувчи, меҳрибон) исми билан бирга келтиради: “У ўта мағфиратли ва яхшиликни раво кўрувчи Зотдир” (Буруж сураси, 14-оят).

Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло тавба қилган бандасининг гуноҳини кечириш билан кифояланмас экан, уни яхши кўрар ва меҳрибонлик қилар экан!

Сиз Роббингиз томон қўлингизни чўзсангиз, Унинг неъмати нақадар гўзалдир! Шу даражада ажойибки, амри маҳол деб ўйлаган ишингиз ҳам рўёбга чиқади! Сиз Аллоҳга ёлвориб қўлингизни чўзар экансиз, Аллоҳ қўлингизни қуруқ қайтармайди, У ўта саховатли Зот!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

1257 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Эҳсон қутиси Шаъбон ойининг фазилатлари »

Мақолалар

Top