Мақолалар

Ойлик ҳисобот

Биз оддийгина уйда камтарона ҳаёт кечирамиз. Ойлик маошим ҳам унча кўп эмас, лекин ўзимизга етади, алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ мени 4 нафар ўғил билан сийлаган.

Катта ўғлим ўсмирлик даврига етгандан кейин унинг талаблари кўпая бошлади. Ҳар куни уйга келсам, менга у керак менга бу керак деб катта харажат талаб қиладиган нарсаларни сўрайдиган бўлиб қолди. Имконим етганича унинг талабларини бажарардим. Лекин кўпга бормай маошим ойлик сарф харажатларга етмай яқинлардан қарз сўрашга мажбур бўла бошладим.

Бундоқ разм солсам, ўғлимнинг ҳамма айтаётган нарсалари ўзига жуда зарур бўлган нарсалар эмас, у сўраган нарсалар ичида ҳеч ҳам фойдаси йўқ болаларнинг вақтини беҳудага сарфлашга сабаб бўладиган нарсалар ҳам бор эди.

Бу ҳолатда бир чора кўрмасам, ҳам оиламиз бюджетига, ҳам ўғлимнинг тарбиясига катта зарар етиши турган гап эди. Шунинг учун онаси билан бир тадбир ўйлаб топдик. Ойлик маошимни олган куним мен, ўғлим ва онаси уччаламиз бир ой давомида қиладиган харажатларимизни ҳисоблаб чиқадиган бўлдик. Масалан, уйимиздаги коммунал тўловлар учун қанча кетади, бир ойлик озиқ-овқатимиз қанчага тушади, кийим кечак, дори дармон, ва ҳоказо. Шу тарзда ҳисоб-китоб қиладиган бўлдик.

Ҳисобот қилиб кўрганимизда харажатлар миқдори ойлик маошимдан кўпайиб кетса, демак унча зарур бўлмаган қайсидир харажатларни қисқартиришимиз керак экан деб хулоса қилар эдик. Бу гапларни ёнимизда ўтирган катта ўғлим ҳам эшитарди. Ҳисобот охирида биздан ҳам оғир аҳволда қолган оилалар бўлгани ҳолда бизни бошқаларга муҳтож қилмаган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб ўрнимиздан турардик.

Мана шу ҳисоботни йўлга қўйганимиздан кейин ўғлим бирданига ўзгариб қолди. Биз унга ҳеч нарса демадик, у бизга ҳеч нима демади, лекин юриш-туриши, ўзини тутиши бутунлай ўзгарди. Ишдан келганимда фақат энг зарур нарсаларга - ўқув қуролларига ва мактаб йиғимларигагина пул сўрарди. “Тушлик қилишингга пул сўрамаяпсан?” десам, “Уйдан егулик тайёрлаб олиб кетяпман” дейди. Унинг гапини эшитиб машааллоҳ, ўғлим масъулиятни ҳис қиладиган кап-катта йигит бўлиб қолибди деб ич-ичимдан хурсанд бўлдим.

Бир куни онасига ишга кирмоқчилигини айтибди. Буни эшитиб онаси билан қувондик. Ҳа, ўғлимиз улғайибди дедик. Лекин ўқишига халал бермасин деб ишлашига рухсат бермадик.

Ёзги таътилга чиққанда “Уйга ёрдам бергим келяпти, сизларга оз бўлса ҳам ёрдам берай” дея кунига 30 жунайҳ пул берадиган ишга кирди. Ишлайдиган жойида ҳалол меҳнати билан юзимизни ёруғ қилди. Мен ҳам ўз навбатида ўғлимни укаларига мақтаб ўрнак қилиб кўрсатадиган бўлдим.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

920 марта ўқилди

Мақолалар

Top