Мақолалар

Саждада дуо қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дарҳақиқат, сажда ҳолатида қилинган дуо ижобатга яқинлиги ҳақида ҳадиси шариф ва уламоларимизнинг сўзлари кўпдир. Чунки, киши саждада турганида Аллоҳга энг яқин ҳолатда бўлади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Банда Раббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Шундай экан, (бу пайтда) дуони кўпайтиринглар” (Имом Муслим ривояти).

Демак, банда Аллоҳ таолога энг яқин ҳолатда туриб дуо қилса, дуоси ҳам ижобатга яқин бўлади.

Ҳанафий мазҳабимизда фарз ва вожиб намозларининг саждасида суннат бўлган тасбеҳларга ҳеч нарсани зиёда қилинмайди. Фақат “Субҳаана Роббиял аълаа” дейилади холос. Бу ҳақда Имом Шурунбулолий бундай дейдилар: “Руку ёки саждада тасбеҳдан бошқа нарсани айтмайди.

Имом Шофеъий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани каби рукуда: “Ё, Аллоҳ сен учун руку қилдим, сенга хушу қилдим, сенга бўйсундим, сенга таваккал қилдим”, саждада эса: “Юзим уни яратган, сурат берган, қулоқ ва кўзини очган зотга сажда қилди. Гўзал яратувчи Аллоҳ муборак бўлди”, деб айтади, дейдилар.

Биз (яъни, Ҳанафийлар): “Бу (дуолар) таҳажжуд намозига хосдир”, деймиз” (“Мароқул-фалаҳ”).

Демак, юқорида келган ва Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда зикр қилинган дуоларни таҳажжуд намозида, шу жумладан нафл намозларда ҳам қилиш мумкин.

Аммо одамлардан сўраладиган нарсани нафақат фарз ва вожиб намозларининг саждасида, балки нафл намозларининг саждасида ҳам сўраш жоиз эмас. Масалан, “Аллоҳумма аъти маалан” яъни “Эй, Аллоҳ! Менга мол бер” ёки “Аллоҳумма аъти саманан” яъни “Эй, Аллоҳ! Менга пул бер” каби дуолар. Агар сўралса намоз бузилади.

Шуни ҳам билиш керакки, руку ёки саждада Қуръон қироат қилиш мумкин эмас. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлингки, мен руку ёки сажда ҳолида қироат қилишдан қайтарилдим. Рукуда Роббни улуғланглар, саждада дуога ҳаракат қилинглар. Мана шунда ижобатга лойиқ бўласизлар” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз бу ҳадисдаги саждада дуога жидду жаҳд қилишни ҳам нафл намозларга хос дейдилар.

Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саждада мана бу дуони қилардилар: “Аллоҳим! Менинг ҳамма гуноҳларимни кечир, кичигини ҳам, каттасини ҳам, аввалгисини ҳам, охиргисини ҳам, очиғини ҳам, махфийсини ҳам кечир” (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

1750 марта ўқилди

Мақолалар

Top