Мақолалар

Тарбияда кечикманг

Аллоҳ менга ўғиллар берганда жуда хурсанд бўлгандим. Аллоҳга шукрона қилиб хайр-эҳсонлар тарқатгандим. Лекин ўғилларим қулоқсиз бола бўлишди. Бекорчи, такасалтанг болалар билан ўртоқ бўлиб, кунда-кунора ишкал чиқариб келадиган, орқаларидан кўп гап эшиттирадиган бўлишди. Уларни калтаклаб ҳам тарбиясини қўлга ололмадим. Охири бўлмагандан кейин уйдан ҳайдашгача бордим.

Кейин ўша кунлари бир психолог билан маслаҳатлашиб қолдим. У менга ўғилларимга оталик меҳрини беришни, уларга етарлича вақт ажратишни, уларни ишларимга шерик қилишни тавсия қилди, кўрсатмалар берди. Ўйлаб қарасам, иш билан бўлиб, фарзандаларимга жуда кам вақт ажратар эканман. Уларнинг кимлар билан ўртоқ бўлиб юргани, дарслари қандай бўлаётганига қизиқмас, барчасини уй ишлари билан қўшиб онасининг зиммасига юклаб қўйган эканман.

Фарзандларим билан жиддий шуғулланишга қарор бердим. Дўконларимнинг идорасини секин-аста болаларимга топшира бошладим. Бошида дўкон ишларини расво қилиб касодга учратишмасмикан деб роса қўрқдим. Лекин Аллоҳга таваккал қилиб, Ўзидан ёрдам сўраб, ишга киришдим. Аллоҳга шукрки, фарзандларим мени уялтиришмади. Дўкон ишлари кўп бўлгани учун бемани дўстлари билан бекорчи ишларга ҳам вақтлари қолмади. Эртадан кечгача дўкон ишлари билан бўлиб, кечаси уйга чарчаб келиб ухлайдиган бўлишди. Тунлари ярим кечагача, баъзан тонггача дайдиб юриш одатлари йўқолди.

Ҳозир Аллоҳнинг фазли ила болаларимнинг ҳаммаси яхши. Ҳаммасини уйлантирдим. Энди улардан кўнглим тўқ. Уларни ўз вақтида катта дўконларимни бой бериш хавфи бўлса-да ўзимга жалб қила олганимга, тарбияларини ўнглашга муваффақ бўлганимга Аллоҳга ҳамд айтаман.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

1151 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Савоби улкан амал! Михли шўрва фалсафаси »

Мақолалар

Top