Мақолалар

“Бўшамас ҳеч ҳунарманднинг кармони”

Ҳунар ўрган, чунки ҳунарда кўп сир,

Ёпиқ эшикларни очар бирма-бир.

Низомий Ганжавий

 

Кимдир орзу-истакларига илм орқали эришса, кимдир касб-ҳунари билан етишади. Илму маърифат ва касбу ҳунар ҳамма замонда кишилик жамияти тараққиёти учун муҳим омил бўлиб келган.

Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёвларига насиҳат қила туриб: “Эй Али! Киши ҳалқумини ҳаромдан сақламагунча ва ҳалол касб қилмагунча тавбаси қабул бўлмайди”, деганлар.

Бўшаб қолғай олтин, кумуш ҳамёни,

Бўшамас ҳеч ҳунарманднинг кармони,

деб ёзган эди аллома Саъдий Шерозий. Ушбу байтга далил сифатида бир ривоят келтирамиз.            

 Ўтган замонда бир бахил киши бор эди. Унинг бойлиги шу даражага етган эдики, молининг ҳисобини ўзи ҳам билмасди. Лекин бу бойликдан на ўзига ва на ўзгаларга ҳеч бир фойда йўқ эди. Чунки унинг эътиқодича, бойликдан мақсад кеча-кундуз ҳаракат қилиб фақат мол тўплаш эди. Аммо мол йиғишдан асл мақсад нима? Молни нималарга сарф қилиш керак? Емоқ, ичмоққа, илму ҳунарга, фақиру муҳтожларга ёрдам бериш керакми, йўқми? Бу хусусда ҳеч ўйламасди. Ҳаттоки, ўзининг аҳли, фарзандларининг таом ва кийимларига ўхшаш энг зарур нарсаларга ҳам минг машаққат билан харажат қилар эди. Бозордан нон олса, арзонлиги учун куйган ва қотганларини, мева олса, уринган ва сасиганларини олар эди. Кийимлари эса ҳар вақт эски, йиртиқ ва ямоқ бўлар эди. Унинг Аҳмад исмли биргина ўғли бор эди. Баъзи бир дўстларининг далолатлари билан бир кун ўғлини ҳунар ўргатиш мақсадида бир ҳунармандга олиб борди. Уста устахона тартиб-қоидаларини баён қилиб, ўргатган ҳунари учун ҳар ойда бир тилла тўлаб туриш лозим эканини айтди. Буни эшитган бойнинг авзойи бузилди.

Устанинг юзиға боқиб: “Ойда бир тилло?.. Йўқ, юр ўғлим, ҳунар ўргамасанг  ҳам бир ризқинг ўтар”, деб ўғлини қайтиб олиб кетди. Аҳмад бечора отасининг бахил ва хасислиги соясида ҳунар ҳамда илм-маърифатдан маҳрум бўлиб, жоҳил ва нодон бўлиб ўсди. Орадан фурсат ўтиб, бир куни ажал келиб, бойнинг ёқасидан тутди. Ўғлининг асл инсон бўлиши учун илм-маърифат ва касб-ҳунар ўргатиш йўлида бир тиллани қизғанган бахил бой ҳамма мол-мулкини ўғли Аҳмадга ташлаб кетди. Аҳмад эса ёшликда илм ва тарбия кўрмаган, касб-ҳунар ўрганмаган эди. Шунинг учун у яхши ва ёмонни фарқламайдиган, бойликнинг қадрини билмайдиган, исроф қилувчи ва нодон бир киши бўлиб вояга етди. Тўрт-беш нафар ахлоқи бузуқларга қўшилиб, қабоҳат йўлларига кирди ва  отасининг хасислик билан йиққан молини оз вақт ичида тамом қилиб, ўзи фақир ва муҳтож бўлиб қолди. Бахилнинг моли, исрофгарнинг ҳоли, илм ва ҳунарсизнинг аҳволи шундай бўлади.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Дил ба ёру даст ба кор!” – “Кўнгил Аллоҳда, қўл ишда бўлсин”, деган шиори бутун мусулмон оламига машҳурдир.

Мир Алишер Навоий Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида сўз юритиб “кимхога нақш боғламоққа машҳурлар” деб ёзган эди. Зотан, тариқат пирлари бирор касбни ўрганиб, ҳаёт кечирганлар. Уларнинг тахаллуслари ҳам ўз касбларидан олинган. Жумладан, шайхул-машойих Абу Саид Харроз – маҳсидўз, шайхулислом Хожа Абдуллоҳ Ансорий – этикдўз, шайх Муҳаммад Саккок – пичоқчи, шайх Абулфайз Ҳаддод – темирчи, ўз замони қутби яъни, шайх Абул Аббос Омилий –ҳаммол, шайх Абулҳасан Нажжор – дурадгорлик билан шуғулланган. Уларнинг лақаблари ҳам касбу корини билдириб турибди: Бундан маълум бўладики, камолот чўққиси фақат илм-маърифат ва касб-ҳунар билан эгалланади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг яхшиси бошқаларга фойдалироғидир”, деганлар.

Ҳадиси шарифдаги “инсонларнинг хайрлиси” дегани, етук ва комил мўмин деганидир. Бундай кишилар ўзлари учун ҳам, жамият учун ҳам фойда келтиради. Шу билан бирга ўзлари эгаллаган билим ва ҳунарни бошқаларга ҳам беминнат ўргатади. Уни ўргатишда бахиллик қилмайди. Ҳазрат Алишер Навоий машҳур байтида айтганидек, улар:

Ҳунарни асрабон неткумдур охир?!

Олиб туфроққаму кеткумдур охир?

ҳикматига амал қилиб ҳаёт кечирадилар.

 

Исомиддин МУҲИДДИНОВ,

Янгийўл туман “Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби  

5578 марта ўқилди

Мақолалар

Top