Мақолалар

Жума куни тирноқ олиш ҳақида Расулуллоҳ нима деганлар?

Инсон доимо покиза бўлиб юришга, уйи, иш жойини саранжом қилишга одатланиши лозим. Бу билан ўзи саломат, яшаб, ишлаб турган ерида қут-барака бўлади. Дини мубинимиз ҳам инсонларни покликка чақиради. Тозалик имондан эканини уқтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Албатта, Аллоҳ покдир, покликни севади, У тозадир, тозаликни севади...”, деганлар.

Динимизда тирноқларни вақтида қисқартириш ҳам тозаликнинг бир белгиси бўлиши билан бирга, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ҳам ҳисобланади. Муҳаммад мустафо (с.а.в.) “Ким жума куни тирноқларини қисқартирса, Аллоҳ таоло ундан касалликни чиқариб, ўрнига шифо киргизиб қўяди”, деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни тирноқ олса, Аллоҳ уни кейинги жумагача балолардан сақлайди. Уч кун қўшимчаси ҳам бор”, дедилар.

Демак, тирноқ олиш орқали инсон турли касалликлардан халос бўлар экан. Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Кимки, жума куни тирноқларини қисқартирса, у инсон мохов касалидан ҳам омон бўлади”.

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб кўз оғриғидан шикоят қилди. Шунда Расули Акрам (с.а.в.): “Ким кўз оғриғи касалидан нажот топишни ва дунёда бой-бадавлат бўлишни хоҳласа, пайшанба куни аср намозидан кейин тирноқларини қисқартирсин”, дедилар.

Шу ўринда тирноқ олишнинг тартиби ҳақида ҳам билиб олсак, фойдадан холи бўлмайди. Имом Нававий бу борада шундай деганлар: “Тирноқ олишлик аввал қўллардан бошланади. Биринчи ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғидан бошлаб, сўнг ўртанча бармоқ, кейин номсиз бармоқ, сўнг жимжилоқ ва ниҳоят, бош бармоқнинг тирноқларини қисқартириш лозим. Кейин чап қўлнинг жимжилоғидан бошлаб, навбат билан бош бармоққача тирноқлар қисқартирилади. Қўллардан сўнг ўнг оёқнинг жимжилоғидан бошлаб, чап оёқнинг жимжилоғида тугатилади”. Ушбу тартиб уламолар наздида мустаҳаб саналади.

Илҳом Маърупов

тайёрлади

13412 марта ўқилди

Мақолалар

Top