Мақолалар

Ғанимат фурсат

Отам қийинчилик кўриб катта бўлган эканлар. “Мактабни ҳам зўрға битирганман” дердилар. Гапларининг ростлиги бирор нима ўқисалар, жуда секин, ҳижжалаб ўқишларидан билиниб турарди. Билмаган одам дадамнинг секин ўқишларидан кўзлари хиралашиб қолганмикин деб ўйларди. Ёзишлари ҳам шунга яраша эди. Лекин бизга жуда меҳрибон эдилар. Агар гап бизнинг ўқишимизга келиб тақаладиган бўлса, қаердан бўлса ҳам, тунлари ишлаб бўлса ҳам пул топиб беришга ҳаракат қилардилар. Бизга яхши едириб ичириш, ўқитиш учун қўлларидан келган бор имкониятларини ишга солардилар.

Бир куни дадам билан Қоҳирага бордик. Шаҳар катта, кўчалар гавжум эди. Тушлик учун кичикроқ бир ошхонага кирдик. Мен ўша пайтларда ўсмир йигит эдим. Отам ошхона хизматчисига ўзлари учун 250 граммлик, менга эса 500 граммлик қовурилган гўшт буюртма бердилар. Мен ҳайрон бўлиб, “Нега менга кўпроқ?” деб сўрадим. Отам: “Сен ёш йигитсан, ҳозир ейдиган пайтинг. Катта-катта ейишинг керак. Менинг унча иштахам йўқ”, дедилар.

Овқатланиб бўлганимиздан сўнг чойхўрлик қилдик. Дадам гапни узоқдан олиб келиб менга насиҳат қила бошладилар. Айни қоним қизиган навқирон пайтим бўлганим учун бўлса керак, мени зинодан қаттиқ огоҳлантиридлар. Кўзимни ва барча аъзоларимни бу чиркин ишни қилишдан сақлашимни тайинладилар. Бунинг учун нималар қилишим, нималардан огоҳ бўлишим кераклиги, дўстларим қандай бўлиши кераклигигача тушунтирдилар.

Ўша кундан бери неча йиллар ўтди. Лекин дадамнинг ўша насиҳатлари қулоғимда қолди. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Ўзининг фазли ила мен ҳеч ҳам бу қинғир йўлга қадам босмадим. Қачон хаёлимга шу гуноҳни қилиш фикри келадиган бўлса, дадамнинг насиҳатлари ёдимга тушар ва ўзимни бу ишдан тиярдим. Дадам ўша куни йўл-йўлакай овқатланиш учун кирган пайтимиздан ҳам ўша фурсатдан жуда зўр фойдаланган эканлар.

Фарзандингиз билан ошхонага овқатланишга киришингиз катта бир тарбиявий фурсатдир. Сиз таом устида ўғлингиз ёки қизингизга таъсирли гаплар айтиб насиҳат қилинг. Бу ғанимат фурсат. Фарзандингизнинг фақат танасига эмас, руҳига ҳам озуқа беришга шошилинг.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

983 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Жаннатий жонивор Янги ойни кўрганда дуо қилиш »

Мақолалар

Top