Мақолалар

Дориларни ҳайвонларда тажриба қилиш

Cавол: Дориларни ишлаб чиқариш ва одамларга қўллашдан олдин сичқон каби кемирувчи ҳайвонларда тажриба ўтказилади. Бундай қилиш динимизда жоизми? Ҳайвонни жонини қийнаш сабабли гуноҳкор бўлиб қолинмайдими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бугунги кунда дори-дармонлар ишлаб чиқаришлик ҳаётий заруратлардан ҳисобланади. Дори-дармонларнинг таъсири кучли бўлиши учун улар бир неча босқичли синовлардан ўтказилади. Тадқиқот ва кашфиётлар учун ҳайвонлардан фойдаланиш жоиз, айниқса, саволда айтилгандек, сичқон, каламуш сингари шариатда ўлдиришга рухсат берилган ҳайвонлар устида тажриба ўтказиш масалани янада енгиллаштиради. Чунки мутахассисларнинг таъкидлашича, кўплаб инсонлар йўлиқадиган касалликлар ҳайвонларда ҳам учраб туради. Шунинг учун бу ишлар ортида инсоният учун улкан манфаатлар ётади.

Қолаверса, шариатнинг мақсадларидан бири инсоннинг ҳаётини муҳофаза қилишдир.

Аллоҳ таоло каломида бундай марҳамат қилади: “У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот” (Бақара сураси, 29-оят).

Ушбу оят инсонлар ер юзидаги барча нарсадан фойдаланиши мумкин эканига далолат қилади. Илмий ишлар, кашфиётлар учун ҳайвонларда тажриба ўтказиш ана шундай фойдаланиш остига киради.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ушбу ҳолатда аниқ бўлган фойдани кўзлаб фойдаланиш керак. Инсон ҳайвонот оламидаги жонзотларни бирор-бир мақсад туфайли сўйиши мумкин. Аммо бемақсад, беҳудага сўйиш, ўлдириш мумкин эмас.

Шурайд ибн Сувайд Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш қиёмат куни Аллоҳ таолога: “Роббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор-бир фойдани кўзлаб ўлдирмади”, деб шикоят қилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Ҳайвонга тирик ҳолида тажриба қилинганда салбий таъсир қилиб, қийналиб яшайдиган бўлса, азобланмайдиган қилиб сўйиш ёки ўлдириш, сўйишда ҳам ўткир тиғли асбобдан фойдаланиш лозим.

Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳар бир ишда яхшиликни ёзгандир. Агар ўлдирсангиз, чиройли тарзда ўлдиринг. Агар сўйсангиз, чиройли тарзда сўйинг”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

828 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Дўстимга очиқ хат Талабаларга хос насиҳат »

Мақолалар

Top