Мақолалар

Цементга олдиндан пул бериш

Cавол: Бизда уй қурмоқчи бўлганлар цемент, шифер, ғишт сотувчилар билан келишиб аввалдан пул бериб қўйишади. Масалан, цементнинг килоси 1000 сўм бўлса, олдиндан пул берилаётгани учун 900 сўмдан берилади. Оладиган вақт келганда нарх 1200 сўм бўлиши мумкин. Шундай келишиш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз айтган келишув “Салам” савдоси дейилади ва бу дуруст савдо ҳисобланади.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида одамлар мевалар учун бир йил ёки икки йилга пул олардилар. У зот алайҳиссалом: “Ким хурмо учун қарз олса, маълум кайл (ўлчов идиши)га, маълум оғирликка ва маълум вақтга олсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Салам савдосида риоя қилиниши керак бўлган бир нечта шартлари бор. Бу савдода сотилаётган маҳсулот цемент сингари килолаб, сув, сут сингари литрлаб, мато сингари метрлаб сотиладиган ёки ғишт, тухум каби деярли бир-биридан фарқ қилмайдиган маҳсулот бўлиши керак. Сиз айтган учала маҳсулот ҳам бу шартга тўғри келади.

Сотилаётган маҳсулот юқоридаги шартга тўғри келгач, унда салам битимини тузиш учун қуйидаги жиҳатлари маълум бўлиши керак:

  1. Маҳсулотнинг жинси (масалан, цемент),
  2. Нави (масалан, “фалон заводники” ёки “Фалон маркадаги”),
  3. Сифати (масалан, “олий”, “ўрта”, “паст”),
  4. Миқдори (кило, метр, дона ёки ҳажми),
  5. Вақти (саламнинг энг кам муддати 1 ой). Бу муддатдан камига салам савдосини қилиб бўлмайди.
  6. Тўланадиган пулнинг миқдори (битим ўз кучида қолиши учун маҳсулот сотмоқчи бўлган одам пулни олдиндан олиши керак),
  7. Маҳсулотни ташиш харажатли бўлса, маҳсулотни етказиб бериш жойи маълум бўлиши лозим. (“Фатҳи бобил иноя”, “Ал-Мухторкитоблари).

Шунингдек, маҳсулот икки томон келишган вақтдан бошлаб, топшириладиган кунгача одамларда ёки бозорларда мавжуд бўлиши лозим. Чунки тўлаш муддати келганда сотувчи уни топиб бера олиши керак.

“Салам савдоси Муслам фиҳ(сотиб олинаётган маҳсулот) келишув вақтидан бошлаб, топшириш муддатигача мавжуд бўлсагина жоиз бўлади”. (“Жавҳаратун наййира”).

Сиз айтган ҳолатда икки томон мазкур шартларга риоя қилиб, келишувга эришсалар, қилган савдолари шаръан тўғри бўлган ҳисобланади. Бу ҳолатда келишилган нарх ўз кучида қолади. Нархнинг тушиб кетиши ёки ошиб кетиши бу келишувга таъсир қилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

952 марта ўқилди

Мақолалар

Top