Мақолалар

Вафодор дўст

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Дўсту биродарларингиз билан яқин алоқалар ўрнатингиз, зеро, вафодор дўст нур сочувчи чироқ кабидир. Унинг нурини дунё сизга тамоман қоронғу бўлгандагина ҳис қиласиз”.

Бир ҳаким зотдан сўрашган экан: “Ҳаётингизда кўрган энг чиройли киши, энг яхши киши ким?”.

У киши: “Ҳамма айбларимни кўра туриб, мени яхши кўришда давом этган одамдан-да чиройлисини кўрмаганман”, дебдилар.

Адашсангиз сизни тўғри йўлга бошлайдиган, билмасангиз ўргатадиган, ғойиб бўлсангиз сизни қидириб қоладиган, ғафлатда қолсангиз сизга Аллоҳни эслатадиган, ҳаёт сизга зулматли бўлганда Аллоҳ таолодан кейин суянадиган дўст қидиринг!

Ҳакимлардан бири айтади: “Саккиз тоифа одамлар билан бирга юрган одамга Аллоҳ саккиз нарса беради:

Кимки бойлар билан бирга юрса, Аллоҳ унинг дунёга муҳаббатини, қизиқишини зиёда қилади;

Кимки камбағаллар билан бирга юрса, Аллоҳ ўзининг тақсимотига, берган ризқига розилигини зиёда қилади;

Кимки ҳокимлар, подшоҳлар билан бирга юрса Аллоҳ унинг кибрини, қалби қаттиқлигини зиёда қилади;

Кимки аёлларга аралашиб юрса Аллоҳ унинг нодонлигини ва шаҳватини зиёда қилади;

Ким ёш болалар билан юрса Аллоҳ унинг бекорчилигини, ҳазил-ҳузулини кўпайтиради;

Ким фосиқлар билан юрса, Аллоҳ унинг гуноҳ-маъсиятларга журъатини ҳамда тавбани кечиктиришини зиёда қилади;

Кимки солиҳлар даврасида ўтирса, Аллоҳ тоат-ибодатларга рағбатини оширади;

Кимки уламолар билан бирга юрса, Аллоҳ илмини ва тақвосини зиёда этади”.

Солиҳ зотлардан биридан сўрашган экан: “Биз билан Раҳмон ўртасида нима бор?”.

У киши дебди: “Биродаринг ҳаққига дуои хайр қилмоқ бор”.

Яъни, биродаринг ҳаққига дуои хайр қилишинг сени Аллоҳга яқинлаштиради.

Умму Дардо розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Абу Дардо бундай деди: “Мусулмон банданинг ухлаб ётганда ҳам гуноҳи кечирилади”. Мен ҳайрон бўлиб сўрадим: “Эй Абу Дардо, қандай қилиб у ухлаб ётса-ю гуноҳи кечирилади?”.

У: “Биродари таҳажжудга туриб Аллоҳга дуо қилади ва Аллоҳ дуосини ижобат қилади. Биродарининг ҳаққига ҳам дуо қилади, Аллоҳ уни ҳам ижобат қилади”, деб жавоб берди.

Миллионлаб одамлар мана шундай дуоларга муҳтож эмасми?! Шундай экан таҳажжудга турганингизда биродарларингиз ҳаққига дуо қилинг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

988 марта ўқилди

Мақолалар

Top