Мақолалар

Етимга қилинган яхшилик (бўлган воқеа)

 Учинчи асрда яшаган Бағдод фақиҳларидан бири Аҳмад ибн Мискин раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Ҳижрий 219-йилда қашшоқлик билан имтиҳон қилиндим. Аёлим ва ёш болам бор эди. Жуда қашшоқ эдик, овқатланишга ҳеч нарсамиз йўқ, очлик силламизни тамоман қуритган эди. Болам ва онасига қараб юрак-бағрим эзиларди, буни кўриб чидай олмасдим. Охири уйимни сотиб, чеккароқдан кичкина бўлса ҳам бошқа уйга кўчиб ўтишга қарор қилдим. Кўчага харидор қидиргани чиқдим. Узоқ юрмай танишим балиқчи Абу Наср Сайёдни учратиб қолдим.

“Эй Абу Наср, уйимни сотмоқчиман, аҳволим оғир”, дедим.

У қўлимга орасига ҳолва солинган икки кулча тутқазиб, “шу билан ҳозирча оилангни боқиб тур”, деди.

Мен у айтганидек уйимга қайтдим. Йўлда кетарканман йўл четида ўтирган бир аёл ва ёнидаги ёш гўдакка кўзим тушди. Қўлимдаги тугунчани кўриб, “Гўдак етим боламга раҳмингиз келсин, очликдан ҳоли қуриган, чидай олмаяпти. Бирор егулик ташлаб кетинг.. Аллоҳ сизга раҳм қилсин” деди.

Бола ҳам менга шундай нигоҳ билан қарар эдики, буни ҳеч унута олмайман. Гўдакнинг маюс юзига қараганимда худдики Жаннат ерга тушиб ушбу етим ва унинг онасининг қорнини тўйдирганларга ўзини таклиф қилаётгандек туяларди.

Шунда қўлимдагини аёлга бердим ва “Ўғлингиз қорнини тўйдиринг” дедим. “Аллоҳга қасамки, бошқа бирор егулигим ҳам, бир тийин пулим ҳам йўқ. Уйимда бунга муҳтож бўлган болам ва аёлим оч ўтиришибди” дедим. Бола таомни кўриб юзи ёришиб хурсанд бўлиб кетди, аёлнинг кўзи эса ёшга тўлди..

Лекин ўзимнинг ташвишларим ўзимга етарди. Яна аёлим ва ўғлимни ўйлаб, юрагим сиқилиб йўлимда давом этдим. Кун тиккага келай деб қолганди. Қуёшнинг иссиғидан салқинланиш учун бир четдаги деворга суяниб, уйимни қандай сотишим ҳақида ўйлай бошладим.

Шу ҳолда ўтирар эканман, Абу Наср юзида табассум билан келиб қолди.

Эй Абу Муҳаммад, бу ерда нимани ўйлаб ўтирибсиз, ахир уйингизда бойлик тўлиб ётган бўлса, – деди.

–Субҳаналлоҳ! Қаердан уйим мол-давлатга тўлсин? – дедим.

– Уйимдан у-бу нарса олиб уйингиз томон кетаётгандим, шунда сизнинг отангизни ёки унинг яқинларидан бирини излаб юрган одамни учратиб қолдим. Ўзи билан анча юк олиб келибди. Мен унга “мана мен сизга ёрдам бераман” деб, уни олиб йўлга тушдим ва йўлда унинг кимлигию отангиз билан алоқасини сўрадим. У бир савдогар экан, ўттиз йил илгари отангиз унга омонатга мол берган экан. Унинг ўша вақтларда тижорати синиб, моли касодга учрагани сабабли Басрадан Хуросонга кетибди. У ерда бир қанча йил ишлаб, Аллоҳнинг синовидан ўтиб, иши юришиб кетибди. Анча пул ишлаб, бой бўлибди. Охири Басрага бўйнидаги қарз ва омонатларни узгани қайтибди. Шунинг учун отангизнинг омонатини қайтаргани ҳамда ўттиз йиллик фойдадаги улушни бергани қидириб юрган экан.

Аллоҳга ҳамд айтдим. Уйга шошиб бордим. Қарасам, чиндан ҳам уй тўла мол-давлат эди. Ўша кундан бошлаб Аллоҳ таолонинг берган бу неъматларининг шукронасига муҳтожларга садақа, эҳсонлар қилишга бел боғладим. Аввало муҳтож аёл ва унинг етим ўғлини топиб, кийинтирдим, едириб-ичирдим, ишга жойлаб, ойлик тайинладим.

Кейин тижорат билан шуғулланишни бошладим, молларим кун сайин кўпайгандан кўпаярди, асло камаймасди.

Ҳар куни кўплаб эҳсону ҳадялар, садақалар қиладиган бўлдим. Қилаётган эҳсонларим билан фаришталар китобини тўлдираётган бўлсам керак деб ўйлардим. Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан бўлаётганимдан хурсанд бўлардим.

Кунларнинг бирида ғаройиб туш кўрдим. Тушимда Қиёмат куни экан. Одамларнинг сон-саноғи йўқ. Бировнинг бошқаси билан иши йўқ, ҳеч ким бир-бирига қарамайди, биров-бировни танимайди. Ҳамма ўзи билан машғул, дунёда қилган амалларини ўйлаб, ҳавотирда эди.

Одамларнинг бўйи жуда баҳайбат бўлиб кетган, гуноҳлар оғир бир жисм шаклига келтирилиб, одамлар уларни елкаларига орқалаб олганди. Баъзи бир фосиқлар елкаларида бутун бошли шаҳарга тенг келадиган гуноҳларни орқалаб кетардилар.

Кейин амаллар тарозисини кўрдим, амалларимни ўлчаш учун мени чақирдилар. Гуноҳларим бир паллага, яхши эзгу амалларим нариги бир паллага қўйила бошланди. Солиҳ амалларим гуноҳларим олдида ҳеч нарса бўлмай қолди, тоғдек гуноҳларим тарози палласини босиб кетди.

Яхшилик томонга қанча эзгу амалларим қўйилмасин, аммо улар ҳеч тарозини босмасди, “бунда риё аралашган”, “бунисида кибр бор”, “одамлар мақташи учун қилинган” каби сўзлар эшитиларди.

Тамом бўлдим. Чунки тарозида амалларим қандай чиқса, аҳволим шу бўларди, тарози эса, гуноҳим нақадар кўп эканидан дарак бериб турарди.

Шу пайт: “Бошқа ҳеч қандай солиҳ амали қолмадими?” деган овоз келди.

“Манави қолди” дейилди.

Умид билан қарасам, аёл ва ўғлига берган ўша икки кулча нон экан... Кўнглим чўкди, аниқ тамом бўлдим, деб ўйладим. Минглаб қилган садақаларим ҳеч нарса бўлмади-ю, бу нима ҳам бўларди дедим ўзимга-ўзим.

Тарозига қўйилаётганда “Савобининг ярмини Абу Наср Сайёдга ёзинглар” деган овозни эшитганимдан кейин бутунлай бўшашиб кетдим. Аммо қарасам, тарозининг яхшиликлар палласи анчагина босилибди, лекин барибир ҳалиям ёмон амалларим палласи оғир эди.

Кейин “Яна мана бу амали қолибди” дейилди. Қарасам, аёлим ва боламнинг ўша кунги очлиги экан. Унинг қўйилиши билан тарозининг паллалари бир-бирига тенг бўлди. Энди ҳалокат ва нажот орасида эдим, ичимда бироз бўлсада умид чироғи порлай бошлади.

Бўлдими? деган овоз келди. Мана бу қолди дейишди.

Қарасам, ҳалиги бечора аёлнинг ўша куни тўккан кўз-ёшлари экан. Улар тарозига қўйилиши билан тарозининг яхшилик палласи ортиб кетди.

Ва ниҳоят Қутилди! деган овоз янгради...

Ўша вақтда бор овозим билан бақириб юбордим.. Уйғониб кетдим, қарасам ўнгимда ҳам кўз-ёшим дув-дув оққанича йиғлаётган эканман!

Даврон НУРМУҲАММАД

793 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top