Мақолалар

Қуръон ўқилса тинланг ва сукут сақланг

«Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» (Аъроф, 204).

Абул Олия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» (Аъроф, 204) ояти нозил бўлгунига қадар “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жамоат намозида имом бўлиб қироат қилганларида саҳобалар ҳам У зот (алайҳиссалом)нинг орқаларида қироат қилишарди.

Имом ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ҳанафий мазҳаби таълимотида хутбани бошидан охиригача гапирмасдан тинглаш вожиб ҳисобланади”, деган.

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имом намоз ўқиётганда такбир айтса, такбир айтинглар, қироат қилса, тинглаб туринглар”, дедилар”, (Имом Муслим ривояти).

«Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз!..» Бу амр уч хил таъвил қилинган. Баъзилар уни имом қироатига қулоқ тутинглар, деб таъвил қилган бўлса, айримлар имом хутба қилаётганида тингланг, деб тафсир қилган, бошқалар эса, Қуръон қачон ўқилса, қулоқ солинглар, деб таъвил қилишган. Шу сўз рожиҳдир, устундир.

Қуръони карим тиловатини ибодат ниятида тинглаш лозим. Аллоҳнинг каломини ибодат ниятисиз тинглаш билан савобга эришилмайди. Агар банда ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса, чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони карим қироат қилинаётганда жим турмаслик ва тингламаслик мўмин-мусулмонларнинг хулқу одобидан эмас.

Каломуллоҳни тафаккур ва хушу билан тинглаш муқаддас динимиз талабидир. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада, банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръонни тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръоннинг олий бўлишини, ажралиб туришини ирода этган. Шунинг учун унга қулоқ солиш ва тинглашни, Мусҳафни доимо таҳорат билан ушлашни буюрган. Қуръони карим, намозда ўқиладими ёки бошқа ўринларда қироат қилинадими, унга доимо қулоқ тутиш керак. Каломуллоҳ қаерда ва қандай ҳолда ўқилса, уни жим эшитиш билан одобга риоя этилган бўлади. Мусҳафи шарифни таҳорат билан ушлаш, бошқа китоблардан буюк Зотнинг каломини улуғлаш бўлади.

Қуръони карим тинглашнинг ўзига хос одоблари бор. Каломуллоҳни эшитмоқчи бўлган одам, аввало, қалбини ҳозирлайди, ибодатни ният қилади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига қулоқ солади. Қироат пайтида сажда оятини эшитса, сажда қилади. Тасбеҳ оятлари тиловат қилинса, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, улуғлайди. Жаннат, тақводорларга бериладиган инъомлар ва ваъдалар ҳақидаги оятлар зикр қилинганда Аллоҳнинг фазлини сўрайди. Дўзах, аламли азоблар ва ваъидлар ҳақидаги оятлар ўқилганда Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Тиловат қилинган оятларга амал қилишни мақсад қилади.

Жаъфар Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: «Хавфда қолган кишининг: «...Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил»«...Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!» (Оли Имрон, 173), оятини ўқиб Аллоҳдан паноҳ сўрамаган одамдан ажабланаман. Чунки у оятдан кейин Аллоҳ таоло: «Улар (Бадрдан жангсиз) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар. (Улар) Аллоҳнинг ризосини излаган эдилар. Аллоҳ, албатта, буюк фазл эгасидир» (Оли Имрон, 174), деб марҳамат қилган.

Ғамда ботиб қолган кишининг: «...Лаа илаҳа илла анта субҳанака инни кунту миназ золимин»«...Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим...» (Анбиё, 87), оятини ўқиб, Аллоҳдан ёрдам сўрамаган кишидан ажабланаман. Чунки бу оятдан кейин: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё, 88), дейилган.

Макр-ҳийлага учраганда: «...Ва уфаввизу амри илаллоҳи инналлоҳа басирун билибад»«...Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир» (Ғофир, 44) оятини ўқиб Аллоҳдан нажот сўрамаган бандадан ажабланаман. Чунки ундан сўнг «Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади...» (Ғофир, 45) деб марҳамат қилинган.

Мол-мулк талабидаги одам: «...Машааллоҳу лаа қуввата илла биллаҳ...» – «...бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳдадир...» (Каҳф, 39) оятини ўқиб, Аллоҳдан неъмат тиламаганидан ажабланаман. Чунки бу оятдан кейин: «...Раббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (боғ) ато этар...» ояти бор» (Каҳф, 40).

Қуръони карим тиловат қилинганда ибодат ниятида чин дилдан тинглаб, унинг маъноларини англаб, унга амал қилсак, улкан фойдага эришамиз.

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: «…Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар, 17–18).

 Имом Қуртубий, Фахриддин Розий, Абу Лайс Самарқандий,

Имом Шаъровий, Ибн Касир  тафсирлари асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади.

765 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top