Мақолалар

Қалб қотиб, қорайса

«Динни (охират жазосини) инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?! Бас, у етимни жеркийдиган... кимсадир» (Моъун, 1–2).

Етимнинг ҳақини бермай, унга зулм қилиш имонсиз бандаларнинг сифатларидан экани Моъун сурасида баён этилган. Аллоҳ таоло Нисо сурасида бундай огоҳлантиради: «Вояга етган етимларга мол-мулкларини (қайтариб) берингиз, пок нарсани нопок нарсага алмаштирмангиз! Уларнинг молларини ўз молларингизга қўшиб ҳам емангиз! Зеро, бу катта гуноҳдир» (Нисо,2)«Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албата, дўзаҳда куйгайлар» (Нисо, 10).

Динимиз етимларга ғамхўрлик қилишни тарғиб қилади. Етимнинг ҳақини адо этишга, унга ота-онадек суянчиқ ва меҳрибон бўлишга чақиради.

Етимни ўз қарамоғига олиб, уни тарбия қилган кишига улуғ ажрлар бор. Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Мен ва етимни ҳимоясига олган жаннатда мана бундаймиз”, деб кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларини бирлаштирдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Баттол айтади: “Бу ҳадисни эшитган ҳар бир мўмин етимлар учун  меҳр-шафқатли ва меҳрибон бўлиши лозимдир. Зеро, шу амали туфайли суюкли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан жаннатда бирга бўлади.

Шайх Абдуллоҳ Носиҳ айтади: “Бола қувноқ ва гўдаклик чоғида унинг отаси вафот этиб, ўзига меҳрибон ва раҳм-шафқатли қўлни тополмаса, тарбияси бузилади ва жиноят кўчасига қадам қўяди”.

Етимларга ғамхўрлик қилишда иккита муҳим фойда бор: бири жамиятда ёмон ахлоқли ёшлар ўсишидан сақлаш, иккинчиси яхши хулқ соҳибларини кўпайтиришдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бир киши ўзининг қалби қотиб, қорайганидан шикоят қилди. Шунда У Зот алайҳиссалом: “Етимларни бошини сила, мискинларга ғамхўрлик қилгин”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Шу ўринда бир масала хусусида тўхталиб ўтиш фойдадан холи эмас. Баъзи ота-оналар борки, улар фарзандлари тарбиясига умуман эътибор беришмайди. Ана шундай кишилар ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Эрнинг ўз оиласини нафақасиз ташлаб, уларни зое қилгани гуноҳкор эканлигига кифоя қилади” (Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Аллоҳ ундай кимсага жаннатни ҳаром қилган”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Солиҳ мусулмонлар етимларга ғамхўрликда намуна бўлганлар. Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: «Мен Умар (розияллоҳу анҳу) билан бозорда юрган эдим. Бир ёш аёл олдимизга келиб: “Ё Амирал мўминин! Менинг эрим ҳалок бўлди. Болаларимни боқишга эса ҳеч вақоим йўқ. Уларнинг ўлиб қолишидан қўрқяпман. Мен Хаффоф ибн Иймо Ғифорийнинг қизиман. Отам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Ҳудайбияда қатнашган”, деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Сен хафа бўлма”, дедилар ва уйларидаги туяни олиб келиб, унга икки катта идишда дон юклаб ҳалиги аёлга бердилар. Яна унга маълум миқдорда пул ва кийим ҳам тортиқ қилдилар. Шунда бир киши: “Эй Умар! У аёлга кўп нарса бериб юбордингиз”, деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Сенинг ҳолингга вой бўлсин! Унинг отаси Исломга мустаҳкам қўрғон қўйган кишилардан эди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Етим – отаси ўлган ва балоғатган етмаган боладир. Агар бола балоғатга етса, етим ҳисобланмайди. Аммо бола балоғат ёшига етса-да, ақли ноқис бўлса, етим ҳисобланаверади.

Агар етим закот бериладиган шахслар қаторига кирса, фақир ёки мискин бўлса, унга закот бериш мумкин. Зайнаб онамиз (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Эримга ва уйимдаги етимларга садақа (закот) берсам бўладими?” деб сўраганида, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ижозат берганлар.

Жалолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВ

1019 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top