Мақолалар

Меҳмон – атойи Худо

Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига эридан шикоят қилиб келди. Эри доимо уйига меҳмон чақириб зиёфат берар, бу эса аёлга ортиқча ташвиш, машаққат келтирар эди.
Набий алайҳиссалом аёлга индамадилар.
Бироз вақт ўтгач, Расулуллоҳ аёлнинг эрини чақирдилар ва: "Бугун мен сеникига меҳмонга бораман", дедилар.
Эр хурсанд бўлиб уйига қайтди ва бу ҳақда аёлига хабар берди. Ўз навбатида, аёли ҳам бу хабардан жуда хурсанд бўлди ва турли-туман лаззатли таомлар тайёрлашга киришди.
Расулуллоҳ меҳмон бўлиб келдилар.
У зот меҳмондорчиликдан қайтиб кетаётганларида, шикоят қилган аёлнинг эрини ёнларига чақириб: "Мен чиқиб кетаётганимда, аёлинг эшикка қараб турсин", дедилар.
Аёл Расулуллоҳнинг ортларидан қараб турди. Набий алайҳиссаломнинг орқаларидан ҳар хил ҳашаротлар, зараркунандалар эргашиб борарди.
Бундай қўрқинчли ҳолатни кўрган аёлнинг эси оғиб қолай деди. Шунда Расулуллоҳ аёлга қараб: "Худди шундай ҳар гал уйингиздан меҳмонлар чиқиб кетаётганида ўзлари билан уйингиздаги турли бало-офатларни, зараркунандаларни эргаштириб чиқиб кетади", дедилар.
* * *
Кўп меҳмон келадиган уй Аллоҳ таолога маҳбуб маскандир. Бундай масканга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилади.
Ҳадиси шарифда: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Унинг мукофоти бир кечаю бир кундуздир. Меҳмондорлик уч кун. Ундан кейингиси садақадир. Унга токи уни (мезбонни) тангликка солгунча турмоғи ҳалол бўлмас", дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Халқимиз бежиз: "Меҳмон – атойи Худо" демаган.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

978 марта ўқилди

Мақолалар

Top