Мақолалар

Шаввол ойи рўзасининг қазоси борми?

Cавол: Aйрим бир сабабларга кўра шаввол ойининг 6 кунлик рўзасидан 3 кунини тута олмай қолдим. Қандай қилиб шаввол ойи рўзанинг қазосини тутсам бўлади? Ўзи шаввол рўзасини қазоси борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шаввол ойи рўзасини тута олинмаган бўлса, унинг қазосини тутилмайди. Чунки у нафл — ихтиёрий рўза ҳисобланади.

Лекин шаввол ойининг ажрига – бир йиллик рўзанинг савобига эришишнинг бошқа йўли ҳам бор. Бунинг учун ҳар қамарий ойда уч кун рўза тутилса, бир йил рўза тутган савобига эриша олади. Бу ҳақда қуйидаги саҳиҳ ҳадисда шундай ваъда қилинган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга менинг Аллоҳга қасамки, ҳаёт эканман, кундузи рўза тутаман, тунни ибодат билан ўтказаман, деяётганим хабар қилинди. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим: Ота-онам сизга фидо бўлсин, ҳақиқатдан ҳам шундай дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сен буни қила олмайсан. Шу боис, рўза ҳам тут, оғзи очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл, ухлагин ҳам. Ойда уч кун рўза тут. Зеро, яхшилик эвазига унинг ўн баробари бордир. Мана шу йил-ўн икки ой рўза тутган кабидир, дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

573 марта ўқилди

Мақолалар

Top