Мақолалар

Супа

Уйга кеч қайтар эканман, кўчамизда, дарвоза ёнига ўрнатилган супачада ўтирган онамни кўриб, жаҳлим чиқиб кетди: “Ойи, яна кутиб ўтирибсизми? Неча марта айтаман. Мени кутманг, мен сизга ёш бола эмасман”. Онам эса, хотиржам овозда: “Келганингга шукр, энди тинч ухлайман. Келганингни кўрмагунимча кўзимга уйқу келмайди. Узоқдан келаётганингни кўриб, кўнглим хотиржам бўлади”. Ўша куни онамга жаҳл қилиб, овқат ҳам емадим.

Бу ҳолат тез-тез такрорланар эди. Менинг асосий ҳаётий ташвишларим яхши иш топиш, яхши даромад, умуман олганда яхши яшаш. Аммо онамнинг мен тўғримда қайғуришлари  ташвишлар рўйхатининг охирида эди.

Уйландим, фарзандлик бўлдим, турмуш ўртоғим кута-кута ухлаб қолар, аммо онамнинг кўзига уйқу келмасди. Кечалари уйга кеч қайтишлар ёки умуман келмасликни оддийгина “ҳаёт ташвишлари” ёки “тирикчилик”, деб, умр қандай ўтганини билмай қолибман.

Ҳозир сочларимга оқ оралаган. Дарвозамиз ўзгарган, аммо супа ўша-ўша. Супада ўтириб, узоққа термуламан. “Ўғлимни узоқдан кўрсам, кўнглим хотиржам бўлади...”.

 Мунира АБУБАКИРОВА

1950 марта ўқилди

Мақолалар

Top