Мақолалар

Рўза ва соғлик

Аллоҳ таоло инсон зотини нима амалга буюрган бўлса, ҳаммасида инсон учун фойдалар бор. Асосий мақсад Аллоҳнинг ризолигини топиб, У Зотнинг раҳматига етишишдир.

Масалан, таҳорат олган киши покиза бўлгани боис касаллик юқтирувчи бактериялардан омон бўлади. Танасини сув ювиб тургани боис қон айланиши фаоллашади. Намоз ўқиш бўғинларда туз йиғилишига қаршилик қилади, қон айланишини яхшилайди. Закот бериш кишига ўзи­нинг қилган ишидан мамнунлик бағишлаб кай­фиятини кўтаради, юрак касалликларидан, хафақонликдан асрайди. Ҳажга борган одам узоқ йўлни яёв босиб ўтади. Бир жойда ўтираверган кишининг ичига йиллар давомида шумлик, сершубҳалик, бадгумонлик ва шуларга ўхшаш иллатлар йиғилиб қолади. Йўл юрган инсон эса ўзи сезиб-сезмай ана шу иллатлардан халос бўлиб, енгил тортиб қолади.

Рўзанинг фойдалари ҳақида тиб­биёт мутахассислари бундай дейди: иммунитетни кўтаради, семиришга монелик қилади, буйракда тош йиғилишидан сақлайди, тўқималарда тўпланиб қоладиган за­ҳарли моддалардан тозалашга ёрдам бе­ради, шаҳвоний майлни камайтиради, қон томирлари торайишининг олдини олади, қон айланишини фаоллаштиради, қон босими ортишига қаршилик қи­лади, юракнинг атрофини ёғ қоплаб қолишига йўл қўймайди, бўғинлар шиши қайтишига фойда бе­ради, ичак яллиғланишига, бавосил, зотилжам, бронхиал астма, аллергия, экзема, қанд, саратон, тутқаноқ, паришонхотирлик, ўпка ва жигар касалликлари, камқонликка қарши курашишда фойда беради.

Бу фойданинг бир жиҳати игнатерапияга ҳам ўхшайди. Игнатерапиянинг моҳияти фаол ишлаб турган ҳужайраларни игна санчиш билан ҳаракатдан тўхтатиб қўйиб, ялқовланиб, ўлиш арафасига келиб қолган ҳужайраларни ишлашга мажбур қилиш экан. Рўзада ҳам одам оч юргани боис танасига ўн бир ой давомида йиғилиб қолган ортиқча ёғлар эриб ишлатилиб кетар экан-да, одамнинг жисми ортиқча юклардан қутулиб енгиллашиб қолар, ўша ёғларнинг остида ўлимини кутиб ётган бечора ҳужайралар яна фаол ишлаб кетар экан.

Ана бизга Раббимизнинг буюк марҳамати!

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

836 марта ўқилди

Мақолалар

Top