Мақолалар

Ёш бола қўл тиққан сув нопок бўладими?

Cавол: Бизда ёш бола қўлини сувга тиқиб қўйса, шу сувни нопок бўлиб қолди, тўкиб юбориш керак деган гап юради. Ҳақиқатда ҳам шундайми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Инсон у хоҳ мусулмон ёки бошқа дин вакили бўлсин, катта ёки кичик бўлсин, модомики қўлида нажосат бўлмаса, сувга қўлини тиқиш билан сув нопок бўлиб қолмайди. Сув нопок бўлиб қолди, деб тўкиб юбормаслик керак. Бу исроф бўлади. Агар қўлда нажосат бўлгани аниқ бўлиб, шу қўлини тиққан бўлса, сув ҳам, идиш ҳам нопок бўлади. Уламолар ёш бола қўлини тиққан  сувда таҳорат олиш танзиҳий (енгил) макруҳ, ундан бошқа сув билан таҳорат олиш афзал, чунки ёш болалар нажосатдан сақланишни билмайди, дейишган. Шундай бўлсада мазкур ҳолдаги сув билан таҳорат олинса, таҳорати ҳақиқий бўлаверади. Бу ҳақида фиқҳий манбаларимизда маълумотлар берилган. Жумладан, “Баҳрур роиқ” китобида бундай дейилган:

“Шарҳи Ақтоъ” китобида бундай дейилган: “Уйқудан уйғонган кишининг қўлида нажосат бўлиши эҳтимоли борлиги сабабидан у қўлини тиққан сув билан таҳорат олиш макруҳдир. Шунингдек, ёш бола қўлини тиққан сувдан ҳам таҳорат олиш макруҳдир”.

“Ҳалаби кабир” китобида бундай дейилган: “Ёш бола қўлини идишдаги сувга тиққан бўлса ва унинг қўли пок эканини аниқ билса (уни доимий назорат қилиб турган одам билади), шу сув билан таҳорат олиш мумкин. Агар унинг қўлида нажосат борлигини аниқ билса, таҳорат олиш мумкин эмас. Нажосат бор-йўқлигини аниқ билмаса, ёш бола ўзини нажосатдан эҳтиёт қила олмаслиги сабабли бу сув билан таҳорат олиш яхши эмас. Лекин агар таҳорат олинса, зарари йўқ. Чунки пок нарса шубҳа гумонлар билан нопок бўлиб қолмайди”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

950 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top