Мақолалар

Ишингизни пишиқ қилинг!

Ишингизни пишиқ қилинг, зеро Аллоҳ таоло Ўзини пухта қилиш билан васфлаган: “Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир” (Намл сураси 88-оят)

Пухталиксиз қилинган иш рад этилади. Аллоҳ таолонинг “У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир” (Мулк сураси, 2-оят) оятини муфассир уламолар: “Қай бирингиз энг тўғри ва энг холис амал қилишингизни синаш учун…”, деб тафсир қилишган.

Пухталик ҳеч ким тепангизда кузатиб турмаганда ҳам ишни яхши шаклда бажаришдир. Ҳар бир қилаётган ишингизни меҳр бериб қилинг, у иш қанчалик кичик бўлса ҳам. Мана шу муваффақият сирларидан биридир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ ишни пухта қилишингизни хуш кўради”.

Аллоҳ таолони худди устингизда зикр қилиб турганингиздек, ичингизда ҳам зикр қилинг, сизни кузатиб турганини доим ёдингизда тутинг. Мана шу ишни пишиқ қилиш устига ихлосни ҳам қўшиш бўлади! Ахир Аллоҳ таоло айтади-ку: “Сен: “Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар”, деб айт” (Тавба сураси, 105-оят).

Қачондир одамлардан холи қолсангиз, бўлди холи қолдим, деманг. Бир кузатувчингиз бор!

Ўзингизни тобора яхшилаб боришга ҳаракат қилинг. Зеро, бу “Ҳисобга тортилишингиздан олдин, ўзингизни ҳисоб-китоб қилингиз” ҳадисига мувофиқ пишиқликка ҳаракат қилиш ҳисобланади.

Ҳаётдаги баъзи тараққиёт босқичларида ортда қолганимизнинг сабаби ишимизда ихлос ва пухталик руҳини йўқотганимиздир! Шундай экан, ишингизни ҳеч қачон тез битиришга ҳаракат қилманг, уни чиройли бажаришга ҳаракат қилинг. Чунки одамлар сиздан қанча вақтда битирганингизни сўрашмайди, балки унинг пишиқлигига, сифатига қарашади.

Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунимизда Ислом диёрларидаги ажабланарли ҳолат – пухталик ва юқори сифатга эга бўлмаган уйларни кўраётганимиздир. Кўприклар, уйлар бузилиб тушаётгани бежизга эмас. Бунинг иккита асосий сабаби бор: ишга жон бериб, самимий ёндошмаслик (хўжа кўрсинга қилиш) ва пухта қилмаслик.

Уйларнинг чидамсизлиги ва сифацизлигидан тортиб, оддий савдо-сотиқда тарозидан уриб қолишгача мана шу икки омил асосий рол ўйнайди. Одамларда ишига содиқлик, бажараётган ишини сидқидилдан қилиш деган нарсалар тобора йўқолиб бормоқда. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳадисдаги замонга қолиб кетдиммикин деб хавотир қиласан киши: “Одамларга шундай замон келадики, киши молни ҳалолданми, ҳаромданми, қандай топаётганига парво қилмайди”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

850 марта ўқилди

Мақолалар

Top