Мақолалар

Аёллар қабристонга борса бўладими?

Cавол: Аёллар қабристонга борса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Динимизда қабр зиёратига рухсат берилган, балки тарғиб ҳам қилинган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар. Чунки у дунёдан қайтаради ва охиратни эслатади”, деганлар (Ибн Можа ривоят қилган).

Уламолар ушбу ҳадисни қабр зиёратига рухсат бериш учун асос қилиб келтирадилар. Бироқ аёлларнинг ҳис-ҳаяжонлари эркакларникидан фарқ қилади. Шу боис китобларимизда аёлларнинг қабристонга бориши борасида бир неча хил фикрларни учратишимиз мумкин. Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи “Раддул муҳтор” китобларида ушбу масаладаги турли қарашларни келтиргач, уларнинг ортидан Хайруддин Рамлийнинг қуйидаги сўзларини келтиради:

“Агар аёлларнинг қабристонга бориши одатдагидек, йиғлаш, қайғуларни янгилаш ва ўликларни мақтаб жар солиш учун бўлса бу жоиз эмас. “Қабр зиёрат қилувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин”, маъносидаги ҳадис ҳам мана шундай аёлларга қарата айтилган. Агар ёши катта аёллар ибратланиш, йиғи-сиғи қилмай, ўтганларга раҳмат сўраш ва солиҳ инсонларнинг зиёратидан табаррук ҳосил қилиш учун борсалар, бунинг зарари йўқ. Агар ёш аёллар бўлса, уларнинг қабристонга боришлари худди масжидга боришлари каби макруҳдир”.

Аллома Ибн Обидийн ушбу ибораларни келтиргандан сўнг масалага қуйидагича хулоса ясаганлар:

“Хайруддин Рамлийнинг ушбу хулосалари мазкур масаладаги ҳар-хил сўзларни гўзал шаклда мувофиқлаштириш ҳисобланади” (“Раддул муҳтор” китоби).

Демак, уламоларимизнинг юқоридаги сўзларидан ёши катта аёллар эркакларга аралашмаган ҳолатда, сатри авратга риоя қилиб, йиғи-сиғи қилмай, ибратланиш мақсадида қабристонга бориб ўтганларини зиёрат қилиб, уларнинг ҳақларига дуо қилиб келишлари жоиз экани келиб чиқади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

 

1112 марта ўқилди

Мақолалар

Top