Мақолалар

“Миш-миш” эмиш  (долзарб мавзу)

 

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бугунги кунда одамлар орасида бировларнинг обрўсини ер билан баравар қилишга ундайдиган турли туман ўринсиз, асли йўқ миш-мишлар ҳамма нарсадан ҳам кўпроққа ўхшайди. Кимдан эшитдинг десангиз “одамлар айтишяптию” дейишдан нарига ўтмайди. Фалончидан эшитдим деса ҳам барибир охири йўқ.

Ўртада гап тарқатгувчилар борки, худди фолбинларга гап ташиб келувчи жинлар каби бир нарсанинг сал шарпасини эшитиб қолса бўлди. Қўшиб-чатиб гапни кўпайтираверади. Ҳар эшитган одам ҳам дарҳол ўзича тахминларини ишга солади. “Ҳа, демак, фалончи ундоқ қилган, шунда пистончи ҳам бундоқ қилишга мажбур бўлган. Мен уни биламан. У ўзи шунақа одам” қабилидаги гаплар секин-аста кейинги қулоққа аниқ ҳужжат бўлиб гриппдан ҳам тезроқ шитоблик билан тарқалади. Натижада бир одамнинг обрўсига таъсир қилмай қолмайди. Ўртада уруш-жанжалгача бориши мумкин.

Ҳикоя. Қадим замонда бир чол томорқасини чопаётиб кетмонни бир урган экан, кетмон нимадир бир нарсага тегиб кетгандек бўлибди. Нима экан деб шошилмай ерни ковлаб кўрган экан, оғзи беркитилган хум чиқибди. Хумнинг оғзини очиб қараса, не кўз билан кўрсинки, тўла олтин экан! Қувончини ичига сиғдира олмаган чол бирдан “Хо-хо”лаб бақириб кулиб юборибди. Шунчалик қаттиқ кулибдики, анчагина наридаги кампири ҳам эшитиб ўша ёқдан етиб келибди. Аммо чол кампир келгунча хумни яширишга улгурибди. Кампир келиб:

  ‒ Ҳа, чол! Намунча бақириб куляпсиз? ‒ деб сўрабди.

  ‒ Шу десанг, кетмонни бир урган эдим ернинг тагидан битта қарға чиқиб учиб кетса бўладими?! Шунга ўзимни тўхтата олмай кулиб юбордим, ‒ депти чол.

  Кампир ҳам ичида гап ётмайдиган экан, зудлик билан бориб қўшни хотинни чақирибди:

  ‒ Ҳой қўшни, чолим томорқа чопаётиб кетмонни бир урган экан, ернинг тагидан иккита қарға чиқиб учиб кетибди!

  Ўз навбатида қўшни ҳам нариги қўшнини чақирибди:

  ‒ Ҳой қўшни, фалончининг чоли томорқа чопаётиб кетмонни бир урган экан, ернинг тагидан учта қарға чиқиб учиб кетибди!

  Гап шунчалик тез тарқбдики, охири подшоҳнинг қулоғига етиб боргунча беш юзта қарға бўлибди. Подшоҳ чолни чақиртирибди:

  ‒ Бу ним гап, шунчалик ҳам аҳмоқона гап тарқатасанми!? Дўқ қилибди шоҳ.

  ‒ Олампаноҳ, бир қошиқ қонимдан кечинг, ‒ деб чол бўлган гапни айтиб, подшоҳнинг олдига хумдаги олтинни қўйибиди.

  ‒ Ундай бўлса нега қарға чиқди дединг? ‒ сўрабди подшоҳ.

  ‒ Агар бир хум олтин чиқди десам, гап Сизга етиб келгунча беш юз хум олтин бўлиб келса, мендан қолган тўрт юз тўқсон тўққизта хумни сўраб қолишингиздан қўрқиб шундай қилдим, ‒ деган экан чол.

  Чолнинг заковатига қойил қолган шоҳ хумдаги олтинларнинг ҳаммасини чолнинг ўзига қайтариб берган экан.

 

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.

706 марта ўқилди

Мақолалар

Top