Мақолалар

460 ёшда вафот этган пайғамбар

Ҳуд алайҳиссаломнинг тўлиқ исмлари Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн Халуд ибн Од. Демак, у зотнинг қавми номи бобоси Од исмидан олинган. Насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом исмли ўғлига боради. Араблар Боида, Ориба ва Мустаърабага бўлинса, Од қавми боида ҳисобланади.

“Боида” – “ўтиб, тугаб кетган” деган маънони англатади. Ўша араблардан бўлган Од қавми саркашлиги билан машҳур. Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари “Од қавми қиссаси” дейилади.

“Ҳуд” сўзи "юмшоқ", "яхши", деган маъноларни билдиради.

Ҳуд алайҳиссаломнинг исмлари Қуръоннинг Аъроф, Ҳуд ва Шуаро сураларида жами 7 марта келган.

Қуръони Каримда битта сура Ҳуд алайҳиссаломнинг исми билан “Ҳуд” деб номланган бўлса, “Аҳқоф” сураси у зотнинг яшаган ер номидир.

Од қавми Яман, Уммон ва Ҳазарамавт ўрталиғидаги Аҳқоф номли маконда яшаб ўтганлар. Қавм одамлари баланд бўйли, баҳайбат кишилар бўлиб, улкан чодирларда яшаган.

Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмига ҳидоятга келиши ва жазо тариқасида уч йил ёмғир ёғдирмай қурғоқчилик юборди. Аммо қавм тавба қилмади, шунда Ҳуд алайҳиссалом дуо қилдилар ва бир зумда осмонни қора булут қоплади. Саркаш қавм булутни ёмғир ёғдирувчи деб ўйлади.

Бу Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳалок қилгувчи бало эди: "Од эса, даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳукмрон қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганини кўрасиз. Бас, улардан асоратни кўраяпсизми?!" (Ал-Ҳаққо, 6-8).

Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда яшадилар. У зот тўрт юз олтмиш ёшда вафот этгач, Тирийм номли шаҳарга дафн этилди.

Аъзам Облоқулов,
Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани "
Сайфин ота" жоме масжиди имом-хатиби.

 Манбалар:

"Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир";

"Пайғамбарлар тарихи".

 

859 марта ўқилди

Мақолалар

Top