Мақолалар

“Расулуллоҳ ﷺга салом айтинг” дейиш мумкин эмасми?

Cавол: Умрага кетаёган кишига “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бизнинг номимиздан салом айтиб қўйинг”, деб бўлмайдими? Яқинда шундай гап эшитдик. Чунки саҳобалардан бундай иш содир бўлмаган, деб айтишяпти.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтиб юбориш жоиз, ҳатто мақталган амал саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг қайсидир амални қилмаганлари шу ишнинг нотўғри эканига далил бўлмайди. Бирор амалнинг ҳаром ёки макруҳ бўлиши учун алоҳида далил келган бўлиши керак.

Тўрт мазҳаб уламолари бир овоздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтиб юборишни жоиз ва мақталган амал, деб айтишган.

Моликийлардан аллома Зарқоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

“Ким зиёратга кетаётган бир кишига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сизга фалончидан салом денг” ёки “Менинг номимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтинг”, деса ва зиёратчи рози бўлиб, салом айтишни зиммасига олса, унинг саломини етказиши вожиб бўлади. Чунки бу адо қилиш вожиб бўлган омонат бўлиб қолади. У “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга фалончидан салом”, дейди” (“Ал-Мавоҳибул ладуния” китоби).

 

Шофеъийлардан аллома Нажмиддин Ғаззий “Ҳуснут танаббуҳ лима варода фит ташаббуҳ” китобида бундай деган:

“Киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказишни бўйнига олса, бу адо этиш лозим бўлган омонатга айланади. Зиёратга бораётган кишининг бошқалар номидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом олиб кетиши маҳбуб ва мақбул амал бўлиб, уламо ва солиҳ зотлар буни қилганлар”.

 

Ҳанбалийлардан аллома Руҳайбоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

“Бир киши бошқа зиёратга бораётган одамга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказишни тавсия қилса, зиёратчи: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга фалончи ўғли фалончидан салом бўлсин”, деб айтсин. Салом айтишни бўйнига олган кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказиши вожибга айланади. Салом айтиши орқали зиммасидаги вожибдан қутилади” (“Матолиб улин нуҳа” китоби).

Демак, зиёратга отланаётган кишига: “Бизнинг номимиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом айтинг”, дейиш асло хато эмас, балки мандуб амал саналади. Қолаверса, бу яқинда пайдо бўлиб қолган иш эмас, балки қадимдан уламолар ва солиҳ зотлар қилиб келаётган амал саналади.

 

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар уламоларидан саналган Аллома Камол Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказишни васият қилган кишининг саломини У зот алайҳиссаломга етказиши керак. Етказишда: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга фалончи ўғли фалончидан салом” ёки “Ё Аллоҳнинг Расули, фалончи ўғли фалончи сизга салом айтди”, дейди. Ривоятда келишича, Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом етказиш учун Шомдан Мадинаи мунавварага одам юборар экан. Кимнинг мазкур шаклда салом етказишга вақти зиқлик қилса, вақтидан келиб чиқиб, мумкин бўлганича (қисқа тарзда) саломни етказади. Ўтган салафи солиҳлардан ҳам ўта қисқа тарзда салом етказганлари нақл қилинган” (“Фатҳул Қадийр” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

668 марта ўқилди

Мақолалар

Top