Мақолалар

Қарзни узишда доллар курси ўзгарса

Cавол: Агар мен бирор инсонга 100 доллар қарз берсам, мен қарз берган пайтда доллар курси бир миллион сўм бўлиб, қарзни қайтариб олганимда курс бир миллион 50 минг бўлиб қолган бўлса, шу 50 минг рибо бўлиб, менга ҳаром булиб колмайдими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Пулда қарз олди-берди қилишда қанча сумма берилса, шунча сумма қайтиб олинади. Сиз юз доллар қарз берсангиз, юз доллар қайтариб оласиз. Унинг сўмга нисбатан қийматининг тушиши ёки ошишининг аҳамияти йўқ. Демак, сиз айтган ҳолатда гуноҳкор бўлиб қолмайсиз. Чунки шариат қоидасига кўра қарз учун нима ва қанча миқдорда олинса, шундай шаклда қайтарилади. “Бадоеъус саноеъ” китобида бундай дейилган: “Қарзга оид ҳукмга келсак, у олиниши билан қарздорнинг мулкига айланади ва шу заҳоти олинган қарзнинг мислича қарздорнинг зиммасига вожиб бўлади”.

Яъни қарзнинг олиниши ва берилишида бир хил бўлиши лозим.

“Раддул муҳтор” китобида қуйидаги иборалар келади: “Қарзлар ўз мислича адо этилади”.

Қарз борасида билиб қўйиш керак бўлган яна бир нарса бор. Сўмда қарз бераётиб, ўша кунги доллар курси билан қийматлаб бериб, олиш вақтида шу вақтдаги доллар курсидаги сўмни олиш жоиз эмас.

Масалан, бир киши қарздорга 100 долларнинг сўмга нисбатан қиймати бир миллион бўлган вақтда 100 долларга ҳисоблаб, бир миллион сўм қарз берди. Бир ойдан кейин доллар курси ошиб, 100 доллар бир миллион 50 минг сўм бўлиб қолди. Бу ҳолатда ҳақдор фақатгина берган суммасини, яъни бир миллионни олади холос. Долларга ҳисоблаб, бир миллион 50 минг сўм олиши сиз айтгандек, рибо бўлиб қолади. Чунки бу шаклдаги қарз олди-берди амалиёти “Қарзлар ўз мислича адо этилади”, деган қоидага зид бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

708 марта ўқилди

Мақолалар

Top