Мақолалар

15 кунда яҳудий тилини ўрганган саҳоба

Ислом дини – илм дини. У ҳар қандай инсонни ўзига зарур илмни билишга буюради. У инсонни ўзи бўлиб турган ўриндаги илмни билишга ундайди ва баъзи ўринда шарт қилади. Мусулмон киши ибодатга тегишли билимлардан ташқари ўзи касб қилган иши ёки ўрганмоқчи бўлган соҳасининг илмини билиши керак.

Бугунги кунда ёшлар орасида чет тилини ўрганишга қизиқиш катта. Ёшлар у тилни ўрганиб четга чиқишни мақсад қилиб, шунга ҳаракат қилишмоқда. Одатда кўпчилик ривожланган давлатга чиқиш орзу қилади ва у давлатнинг тилини ўрганади.

Ҳозирги кунда ривожланган давлатларнинг кўпида инглиз тили мулоқот тили ҳисобланади ва уларнинг аксари ислом динига эътиқод қилмайди. Хўш мусулмон киши ғайридинларни тили ўрганмаслиги керакми?! Нима учун? Ғайридин бўлгани учунми?!… Исломда бундай ишдан қайтариқ йўқ, аксинча, исломда динни ёйиш, уни бошқа халқларга етказиш учун уларни тилларини ўрганишга тарғиб қилинган. Тарихда бунга мисоллар кўп.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни турли тилларни ўрганишга тарғиб қилдилар. Чунки, бундан кўзланган мақсад ўзга халқлар билан мулоқот қилиб уларни исломга даъват қилиш ва ёмонликларидан сақланиш эди. Шу сабабли, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлардан келган мактубларни ўқиб бериш, улар нимани назарда тутганини Пайғамбаримизга тушунтириб бериш ва уларга жавоб ёзиш учун Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга уларни тилини ўрганишга буюрдилар.

Ҳижрий тўртинчи йилда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидек яҳудийларнинг тилини ўрганди. Тил ўрганиш 4 услубда бўлади. Ёзув ўша услубларнинг бири.

Хорижа ибн Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Зайд ибн Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга яҳудийларнинг ёзувини ўрганишимни буюрдилар ва менга Расулуллоҳ Аллоҳга қасамки, мен ёзувларимни ҳеч бир яҳудийга (ўзгартирмаслигига) ишонмайман деб айтдилар, сўнг, мен у ёзувни ўргандим. Уни ўзлаштириб олишимга бор-йўғи ярим ой керак бўлди, Пайғамбаримиз (яҳудийлар) хат ёзганларида у зотга хат ёзардим, агар у зотга ёзилса ўқиб (тушунтириб) берардим”, – деди.  (Абу Довуд ривояти)

Зайд розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг тилини ярим ойда ўргангани, ақл-заковати ва ёдлаш қобилиятининг жуда кучли эканини билдиради. Чунки у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Қуръонни тўлиқ ёд олган саҳобалардан бири ва у зот алайҳиссаломнинг энг машҳур ваҳий котибларидан бўлган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида Қуръонни тўплам ҳолида жамлаганлардан бири ва Усмон розияллоҳу анҳу даврида Қуръонни бир хил қироат билан Мусҳаф қилиб кўчирган котиблардан бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд розияллоҳу анҳуга яҳудийларнинг тили ва ёзувини ўрганишга буюрганлари ислом мусулмонларни бошқаларнинг тили ва ёзувини ўрганишга тарғиб қилишга далолат қилади. Агар керак бўлса, бу билан бирга исломга хизмат қилишга ва муаммоларига ечим бўладиган бўлса уларнинг  илмларидан хабардор бўлишга ва тажрибаларидан фойдаланишга ундайди. Бу исломда таржимоннинг вазифаси қанчалик муҳимлигини кўрсатиб турибди, чунки у давлат сирлари ва ёзишмаларига эга бўлган шахсдир, кирувчи ва чиқувчи хатлардан ҳар ким ҳам хабардор бўлиши тўғри эмас. Чунки у давлат сирларини ошкор бўлишига ва унинг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга яҳудийларнинг тилини ўрганишни буюрдилар.

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайддан араб тилини ўзлаштириб, Қуръони Каримнинг бир қанчасини (баъзи ривоятларда 17 та сурани) ёд олганидан кейин яҳудийлар тилини ўрганишни сўраганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайдга яҳудийлар тилини ўрганиш ҳақидаги амрларининг афзалликларидан бири ҳар бир соҳа вакили ўзи бўлган ўринда  исломга даъват қилишликка масъул ҳисобланади.

Тил ўрганиш орқали у тил эгаларининг илм ва тажрибаларидан фойдаланиш мумкин. Бу орқали инсон ўзи яшаб турган заминнинг ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин. Шубҳа йўқки, инсонлар билан ўзи билган тилда мулоқот қилиш, айниқса,  турли тилларда сўзлашувчи кўп сонли жамиятларни сўзлашишда ҳар бир жамиятнинг ўз тилида мурожаат қилиш зарурий ва тўғри йўл ҳисобланади. Исломга эътиқод қилмайдиган ва араб тилини билмайдиган кимсаларни исломга чорлаш уларнинг тилида бўлиши керак. Улар Қуръони Карим тилини ва маъноларини билмайдилар. Энди уларни қандай куфрдан иймонга, зулматдан нурга олиб чиқилади, бундай ғоя исломнинг хусусиятлари эмасми?!..

Зайд ибн Собит воқеасидан билинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияда муносиб бир шахсни ўз ўрнида муҳим вазифага танлаганлар. Бундан хулоса олишимиз даркор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг ҳаёт йўлларини ўрганиб фикр юритган киши ҳар бир одамнинг салоҳияти ва унга яраша қобилияти бўлишини билади. Ўзидан бошқа бажара олмайдиган роли бўлишини яққол кўради. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу нима ҳалол ва нима ҳаромлигини ажратишда умматнинг энг билимдони эди. Лекин  бу унинг ҳалол ва ҳаромни ажратишда умматнинг энг билимдони бўлгани учунгина уларнинг энг яхшиси дегани эмас., балки бу афзаллик алоҳида мезон. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Қуръонни тафсир қилгани учун афзал. Амр ибн Салама розияллоҳу анҳу ёш бўлса-да, намозда ўз қавмига имомлик қилар эди. Чунки у намозни тўлиқ ўзлаштиргани ва Қуръони Каримнинг кўп оятларини ёд олгани билан афзал. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу суннатни ёзиш ва уни таҳрирлашга бўлган қаттиқ қизиқиши билан ажралиб турарди. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу эса, Пайғамбаримизнинг ваҳий котибларидан эди.

Бу ёш саҳобалар жамоасига назар ташлаган киши уларнинг азми-қарори кучлилигидан ва ҳимматининг олийлигидан лол қолади.  Дарҳақиқат, уларнинг ҳар бири исломга манфаат келтириш учун бор имкон ва тоқатини аямади.

Юқоридагилардан биз Қуръони Каримни дастуруламал қилиб олишимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва у зотнинг асъҳобларидан ўрнак олиб, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида татбиқ қилишимиз даркор.

 Дилфуза Тўлаганова,

Тошкент Ислом институти толибаси.

 

737 марта ўқилди

Мақолалар

Top