Мақолалар

Мушрикларга жавобан нозил бўлган оят

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين

لا حول و لا قوة إلا بالله

 Ақл бобида Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ақлли кишининг гаплари ўлчовли, ўрнида ишлатилган бўлади. Оқил беҳуда гап гапирмайди, аск ҳолда, фойдали гаплари ҳам йўқолади. Сўралмаган нарсага жавоб бермайди, чунки бу ишда енгил табиатлилик, ақли камлик ва нодонлик белгиси бор. Оқил киши бесабаб ғазаб қилиши лойиқ эмас.

Барча фуқаҳолар инсоннинг қилган амалига масъуллиги ақлига боғлиқлигига келишганлар. Ақлсиз киши ҳеч қачон шаръий таклифларни амалга ошириши матлуб эмас”.

Қуръони каримда ақл эгалари кўп зикр қилинган. Жумладан, “Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор” (Оли Имрон, 190).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳлини фақат Аллоҳга ибодат қилишга чақирганларида, улар: “Бизнинг ўзимиз топинадиган (санам)ларимиз бор. Чақириғингизнинг асоси борми, бирор далил келтира оласизми?” дейишади. Шу оят уларга жавобан нозил бўлган (Имом Насоий ривояти).

Ҳақиқатан, осмон ва ер, қуёш, ой ва юлдузларга, тоғ, денгиз ва дов-дарахтларга ибрат назари билан боққан киши уларни Яратганни – Аллоҳни танийди.

Шунингдек, ақлини ишлатмаганлар ҳақида ҳам кўплаб хитоблар бор. Жумладан, “Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар” (Бақара, 171).

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.

792 марта ўқилди

Мақолалар

Top