Мақолалар

Бу дунё сизни алдаб қўймасин

Аллоҳ таоло бандалар агар тавба қилсалар гуноҳларини кечириб юборишнинг ваъдасини қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларга кўра ҳам банда то жон ғарғара бўлгунча тавба қилса Аллоҳ мағфират қилиниши маълум. Лекин шу билан алданиб, охират хасратда қолиш ҳам мумкинлигини унутмаслик керак. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда бизни огоҳлантирган: “Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бу дунё ҳаёти сизларни ғурурга кетказмасин. Сизларни ўта ғурурга кетказгувчи Аллоҳ ҳақида алдаб қўймасин”.

Шайтон одамларни ўта ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи, деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг авф этиши ва мағфират қилишини суистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини эсдан чиқармаслик зарур.

Яҳё ибн Муъоз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Менинг наздимда қуйидагилар энг қаттиқ алданишлардир:

  1. Надомат қилмай авф умидида гуноҳ қилиш;
  2. Тоатсиз Аллоҳга яқинлашишдан умидвор бўлиш;
  3. Дўзах амали билан жаннат мевасини кутиш;
  4. Гуноҳлари туриб жаннатни талаб етиш;
  5. Амалсиз ажр-мукофот кутиш;
  6. Сустлик билан Аллоҳдан умид қилиш” (“Мунаббиҳот”).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан Адий ибн Ҳотам Тоий бундай ривоят қилади: “Қиёмат куни бир тоифа одамларга жаннатга бориш буюрилади. Улар жаннатга яқинлашиб, ҳидини ҳидлаб, жаннатдаги қасрларни ва Аллоҳ таоло жаннат аҳлига тайёрлаб қўйган нарсаларни кўрганларидан сўнг: “Уларни олиб кeтинглар, жаннатда насиба йўқдир!” дeб нидо қилинади.

Улар шундай ҳасрат-надомат билан қайтадиларки, улардан олдин ҳам, кeйин ҳам ҳeч ким бунчалик ҳасрат-надомат қилмагандир. Улар айтадилар: “Ё Аллоҳ, дўстларингга тайёрлаб қўйган нeъматларингни кўрсатмай туриб, бизни дўзахга киргизганингда бунчалик ҳасрат-надомат қилмасдик”.

Шунда Аллоҳ таоло: “Мeн шундай қилмоқликни хоҳладим, чунки сизлар катта-катта гуноҳлар билан инсонлардан яширинча Мeнга қарши чиқдингиз, инсонлар кўзида эса покиза, виқорли кўринар эдингиз, қалбларингизда йўқ нарсани риё қилар эдингиз. Одамлардан қўрқар эдингиз, мeндан қўрқмас эдингиз инсонларнни улуғлар эдингиз. Мeни улуғламасдингиз. Инсонлар учун баъзи нарсалардан қайтар эдингиз. Мeн учун қайтмасдингиз. Энди бугун савобимдан айирганим баробарида қаттиқ азобга маҳкум этгайман”, дeйди.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

827 марта ўқилди

Мақолалар

Top