Мақолалар

Нафл намоз ўқиётганда фарзга такбир айтилса

Cавол: Бир киши масжидда нафл намозни бошлаганда иқомат такбири айтиб юборилса, нима қилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бундай ҳолатда икки ракат ўқиб, намозини тугатади ва жамоатга қўшилади. Дарҳол намоздан чиқиш намозни бузиш ҳисобланади. Бундай қилмайди, балки имомга биринчи ракатда иқтидо қилиш учун қисқа зам сура ўқиб, салавот ва дуони ҳам қисқароқ қилиб, намозини тезроқ ўқиб тугатади. Агар тўрт ракат нафл ўқишни ният қилиб бошлаган бўлса ҳам икки ракатда тугатади. Тўрт ракатга чўзмайди. Чунки намозларнинг энг ками икки ракатдир. Бир ракатли намоз йўқ. Бу ҳақида “Фатовои Оламгирия” бундай ибора келган:

“Агар намозхон нафл намозга киришгандан кейин фарз намозга такбир айтилиб қолса, бошлаган намозини икки ракат қилиб тамомлайди. Ундан кўп ўқимайди (масалан, тўрт ракат нафлга ният қилиб қўйган бўлса ҳам икки ракат билан тугатади). “Муҳити Сарахсий”да шундай келган”.

Иқомат такбири айтилгандан кейин ҳеч қандай нафл намозга киришилмайди. Такбирдан кейин суннат ва нафлларга киришиш макруҳдир. Бундан фақат, фарзга улгуриш шарти билан, бомдоднинг суннати истисно қилинган (“Бадоиъус саноиъ” китоби). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

711 марта ўқилди

Мақолалар

Top