Мақолалар

Энг оғир сабр

Сабр инсонга хос бўлган фазилат. Ўз номи билан бошқа фазилатларга қараганда кўпроқ машаққатни талаб қилади. Шунинг учун сабрга бериладиган мукофот ҳам ўша мақомга муносиб бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобдан ташқари берилур” (Зумар, 10).

Сабрнинг навлари бор – мусибатга сабр, кўнгил хоҳишларига сабр ва ибодатга сабр.

Кўнгил хоҳишларига қарши сабр қилиш ҳаммасидан ҳам оғир. Қалб тақво сари чорлаб турса-да, нафс шаҳват томон интилаверади. “Шубҳасизки, агар Роббим раҳм қилмаса нафс ёмонликка ундовчидир” (Юнус, 53).

Кўнгил хоҳишлари эса, зийнатланган.

“Хотинлардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати инсонларга зийнатлаб қўйилган” (Оли Имрон, 14).

Ана шундай пайтда нафсининг бошига уриб, гуноҳдан сақланса, ана ўша кимсадир жаннатий!

“Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрқса ва нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” (Нозиъот, 41).

Айниқса омад келиб атрофингизни фаҳш ва маъсиятлар қуршаб олганида, гуноҳ қилишга имкон ҳар томондан очилиб турганида Аллоҳ таолодан қўрқиб сабр қилиш – чин мардлик, ҳақиқий тақво, Аллоҳдан қўрқиш, комил мўминнинг сифати.

Бир куни келиб омад кетганда сабрдан бошқа чора ҳам қолмайди, имкон ҳам бўлмайди. Худди яқин инсони вафот этган киши кунлар ўтиши натижасида сабрдан бошқа чора топа олмагани каби.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

876 марта ўқилди

Мақолалар

Top