Мақолалар

Бомдоднинг суннатини ўқишга улгурмаган фарздан кейин ўқийдими?

Cавол: Китобларда: “Жамоатга келган киши гарчи бомдодга иқомат айтилган бўлса ҳам, суннатни ўқиб, кейин имомга иқтидо қилади”, дейилган. Бу гап: “Иқомат айтилганидан сўнг фарздан бошқа намоз йўқ”, мазмунидаги ҳадисга зид эмасми? Аслида ушбу ҳадисга кўра киши гарчи бомдоднинг суннатини ўқимаган бўлса ҳам имомга эргашиши керак эмасми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз айтган ҳадисни имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Саҳиҳи Муслим” китобида ривоят қилган. Лекин масалага битта ҳадис билан хулоса чиқариш ёки мазҳаббошилар, мужтаҳид уламоларни ҳадисга зид равишда фатво айтишда айблаш катта хато ҳисобланади. Чунки мужтаҳид уламоларимиз бу борадаги барча ҳадисларни ўрганиб, бир-бирига мувофиқлаштириб кейин масалани баён қилишган. Сиз ҳадисга зид, деб ҳисоблаётган масала ҳам ана шундай масала саналади.

Бир нарсани билиш лозимки, ҳадислар бир-бирини тўлдириб ёки биридаги умумий маънони бошқаси хослаб ҳам келади. Сиз келтирган ҳадисдаги умумий маънодан бошқа ҳадислар бомдоднинг суннатини истисно қилади. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизни отлиқлар қувиб турса ҳам иккисини қўйманглар”, деганлар.

Имом Таҳовий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “У киши яъни Абу Дардо масжидга кирганларида, инсонлар бомдод намозига саф тортиб, ўқиётган бўлсалар, у киши масжиднинг бир четида бомдоднинг икки ракат суннатини ўқиб, сўнг жамоатга қўшилар эдилар”.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафллардан ҳеч бирига Бомдоднинг икки ракатига одатланганлари каби қаттиқ одатланмаган эдилар” (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Абу Мусодан ривоят қилинади: “Имом бомдод намозини ўқиётган вақтда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу келди. Бомдоднинг икки ракат суннатини ўқимаган экан, бир устуннинг орқасида суннатни ўқиди” (Имом Абдурраззоқ ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек саҳоба шундай йўл тутганидан бомдод намозининг суннати истисно қилинганини тушуниш мумкин. Чунки улуғ саҳобий бундай ҳадисни билмаган ёки амал қилмаган дейиш мутлақо мумкин  эмас.

Бу каби ҳадислар кўп. Хусусан, Аллома Зафар Аҳмад Усмоний роҳимаҳуллоҳ “Эълоус-сунан” китобларида бу каби ҳадисларни Умар ибн Хаттоб, Ибн Аббос, Ибн Умар каби саҳобийлардан розияллоҳу анҳум нақл қилиб келтирганлар (“Эълоус-сунан” китоби).

Шундай экан, бу ҳолатда нима қилиш керак. Ўқийди, десак, сиз келтирган ҳадисга зид иш тутган бўлади. Ўқимайди, десак, кейинги ҳадисларга зид иш қилган бўлади.

Бомдоддан кейин ўқиб олади дейилса, уламолар бундай қилишни макруҳи таҳримий дейишган. Чунки саҳиҳ ҳадисларда бомдод вақти киргач, бомдоднинг суннатидан бошқа нафл намоз ўқишдан қайтарилган. Мана шундай пайтда мужтаҳид имомларимизнинг машаққатли меҳнати намоён бўлади. Улар мазкур мазмундаги барча ҳадисларни батафсил ўрганиб чиққандан кейин масалаларни баён қилишган. Кейинги уламолар бу масалаларни китобларида келтиришган. Жумладан аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор” китобида бундай деган:

“Фарз намозга иқомат айтилганда нафл ўқиш макруҳдир. Бундан бомдоднинг суннати мустаснодир. Гарчи ташаҳҳуд бўлса ҳам жамоатга улгуришга умид бўлса, суннатни ўқийди. Агар улгура олмаслик хавфи бўлса, суннатни бутунлай тарк қилади. Бундан бомдоднинг суннати мустаснодир дейилди. Чунки бу ҳақда имом Таҳовий ва бошқалар “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бомдод намозига иқомат айтилганда масжидга кирдилар ва бир устуннинг орқасида бомдоднинг суннатини ўқиб олдилар”, деган ҳадисни ривоят қилишган. Бу воқеа Ҳузайфа ва Абу Мусо розияллоҳу анҳумоларнинг кўз ўнгида содир бўлган. Бундай ишни Умар, Абу Дардо, Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумлар ҳам қилгани ривоятларда айтилган. Тобеинлардан Ҳасан Басрий, Масруқ ва Шаъбийлар ҳам шундай йўл тутишган”.

Хулоса қилиб айтганда: иқомат айтилганидан кейин бомдоднинг икки ракат суннатини агар фарзига улгуриш имкони бўлса, дарҳол масжиднинг чети ёки бирор устуннинг орқасида ўқиб, сўнг фарзга қўшилади. Агар суннатларни ўқиса, фарзга улгура олмаса, у ҳолда уларни тарк қилиб, фарзни ўқиш учун жамоатга қўшилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

 

732 марта ўқилди

Мақолалар

Top