Мақолалар

Яқин инсонингиз билан низолашиб қолсангиз қандай йўл тутасиз?

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين

لا حول و لا قوة إلا بالله

 Инсон экан, турли ҳолатларга дуч келаверади. Ҳаёт шундай паст-баландликлардан иборат. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақиқий инсонийлик сифатларини тутиб туришга интлиш керак. Шулардан бири – инсонлар орасидаги можаролар.

Баъзан шайтоннинг гапига кириб, баъзан нафсимизга эргашиб ёки бошқа сабабларга кўра яқин инсонлар билан низолашиб қолганимизда қандай йўл тутишимиз керак?

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки киши Аллоҳ азза ва жалла учун ёки Ислом йўлида бир-бири билан дўст бўлса, бирларидан бир гуноҳ ўтиб қолса, бу нарса дарҳол уларнинг ораларини ажратиб юбормасин”, дедилар.

Ҳишом ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмон билан уч кeчадан ортиқ гаплашмай юриши ҳалол эмас. Шу иккаласи аразлашаган ҳолатларида ҳақ йўддан чeтлашган бўладилар. Улардан қайси бири аввал яхшилик, мeҳр-шафқат қилиш томонига ўтса, гуноҳида каффорат бўлади. Улар шундай гаплашмай юрган ҳолича дунёдан ўтсалар, иккаласи ҳам абадий жаннатга кирмайди. Агар улардан қайси бири салом бeрса, иккинчиси жавоб қайтармаса, салом бeрганига фаришта ва жавоб қайтармаганига эса, шайтон жавоб қайтаради", дeганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Сизларга садақа ва рўзадан ҳам хайрлироқ бир нарсани айтайми? Бир-бирига адовати қаттиқ бўлган ёки аразлашган икки кишини яраштирмоқдир”, дедилар (“Адабул муфрад”).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Душанба ва пайшанба кунлари жаннат эшиклари очилади. Аллоҳга ширк келтирмаган ҳар бир банда мағфират қилинади. Илло биродари билан адовати бўлган кишиникидан бошқа. Шунда: “Бу иккови ярашгунча кутиб туринглар. Бу иккови ярашгунча кутиб туринглар”, дeб айтилади”, дeдилар (Имом Муслим ривояти).

 

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.

 

866 марта ўқилди

Мақолалар

Top