Мақолалар

Видеоўйинлар фойдалими?

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан видеоўйинлар оммалаша бошлади. Айниқса, бу ўйинлар ёшларни ўзига жалб этиб, уларда дангасалик, ялқовликни кучайтирди. Aмерика Педиатрия академияси профессорлари бундай ўйин билан машғул бўлишнинг давомийлиги икки соатдан ош­са, салбий оқибатлар келиб чиқишидан огоҳлантирган эди. Аммо…

Баъзи ўйинлар вақтни унумли ўтка­зишга хизмат қилса, аксари террористик зоналар, қотилликлар, жамият тартиб-қоидаларини беҳурмат қилиш, жинсий эксплуатация ҳамда аёлларга нисбатан зўравонлик, миллатлараро низони тарғиб қилади

Тадқиқотлар видеоўйинларга ружу қў­йиш болаларнинг ақлий ва руҳий ҳола­тига салбий таъсир кўрсатишини исботлади. Хусусан, носоғлом ўйинлар уларда зўравонликни дўстлари билан синаб кў­риш хоҳишини пайдо қилади. 

Aгар фарзанд видеоўйинларга кўп вақт сарфлаётган бўлса, ота-она унга нисбатан баъзи чекловларни ўрнатиши керак. Бунинг учун смартфонда мавжуд бўлган “Play market” ёки “App Store” иловаларида болалар режимини ёқиб қўйиш тавсия этилади. Яна бир фойдали усул боланинг вақтини тўғри тақсимлаш, яъни кундалик юмушларини белгилаб беришдир. Чунки ўсмирлик даврида уларда ҳиссиётлар жиловини йўқотиш, шу билан бирга, вақтни бошқаролмаслик, тўғри йўлдан адашиш ҳолатлари жуда кўп кузатилади. 

Кўпчилигимиз видеоўйинлар ҳақида фақат салбий тасаввурга эгамиз. Aслида, фойдалилари ҳам мавжуд. Мисол учун, Untitled Goose Game – паррандачиликка ўргатса, Nintendo Labo пианино чалиш, балиқ овлаш, роботлар ясашни акс эттиради. 

Splatoon 2 – аниме қаҳрамонлари: ёвузлик билан эзгулик ўртасидаги кураш ва алалоқибат эзгуликнинг ғалабаси ифода эттирилган видеоўйин ҳисобланади.

Super Mario 3D World – тангачаларни ақл билан тутиб олиш вазифаси ўйинчига юклатилади.

Overcooked – ошхонада овқат пишириш: бургер, ширинликлар ва ҳоказоларни ўз ичига олади.

Minecraft – болада фикрлаш ва креа­тивликни оширади. Ўйин мавзуси уйлар қуриш, уларни безаш ва бошқалар.

TowerFall – ўз ҳудудини ҳимоя қилиш, қўшни қиролликларга ёрдам бериш тарзида ташкил этилган, шу билан бирга, ўйинчиларга чет тилини ўрганиш имконини беради.

Captain Toad: Treasure Tracker – болаларда изланувчанликни оширишга қаратилган бўлиб, маълум бир ҳудудлар­да топилиши керак бўлган буюмларни қидиришга асосланади.

Word Game – сўз ўйини, ўзбек, инглиз, рус, араб ва бошқа тилларда сўз бойлигини оширишга ёрдам беради.

Ушбу видеоўйинлар график жиҳатдан ҳақиқий ҳаётдан фарқ қилмайди ва ўйнаш вақтида болага нафақат кўтаринки кайфият бағишлайди, балки унда муаммони тезлик билан ҳал қилиш, мақсадга эришиш, янги билим ва кўникмаларни шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Бироқ бу ўйинлар ҳам меъёрида ўйналгани маъқул. 

Муҳаммад Умар БАХТИЁРОВ

570 марта ўқилди

Мақолалар

Top