Мақолалар

Бидъат-хурофотларни бартараф этиш бўйича семинар ўтказилди

Самарқанд шаҳаридаги Боғишамол базмгоҳида вилоятда фаолият юритаётган отинойилар учун ўқув-семинар бўлиб ўтди. Уни вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Темирова очиб берди.

Ўқув-семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим етакчи мутахассиси Мунира опа Абубакирова “Бидъат-хурофотларни бартараф этиш ” мавзусида маъруза қилиб берди. 

Мунира опа Абубакирова ўз мавъизаси давомида кейинги пайтда майитнинг уйида қирқ кун чироқ ёқилиши, пайшанбалик, якшанбалик, 7, 40, йил ва ҳайитда таъзия ўтказиш, аёлларнинг овоз чиқариб йиғлаши ва кўк кийиб олиши, кабрларни силаш ва тилакларни сўраш, авлиёлар номига атаб жонлиқ сўйиш, мушкулкушод ва бибисешанба маросимларини ўтказиш, тош ва дарахтларга ният қилиб рўмол ва бошқа матоларни боғлаш, кўз тегмаслиги учун туморлар тақиш, қабристонларда шам ёқиш, синов келганда фолбинларга бориш, келин-куёвни олов атрофида айлантириш, ҳаж ва умрага борганлар орасида “Ҳаж оши” ни қилиш каби бидъат-хурофотлар авж олганини таъкидлади. Мазкур иллатларнинг олдини олиш бўйича шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида ўз тавсияларини берди. 

“Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Демак, мусулмон кишиси ўзининг имон ва  эътиқодига биноан барча ҳожатларини фақат ягона Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг   Ўзигагина  ибодат қилиши шарт. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110 оят).

Мазкур мавзу юзасидан отинойилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

717 марта ўқилди

Мақолалар

Top