Мақолалар

Тавоф намозини ўқишни унутибман

Cавол: Тавофдан кейин мақоми Иброҳим орқасида икки ракат намоз ўқиш керак экан. Биз тавофни қилиб бўлиб, шу намозни ўқишни унутиб, Сафо-Марвага саъй қилишга кетиб қолибмиз. Эҳромдан чиққандан кейин намоз ўқимаганимиз эсга тушди. Шу ҳолда нима қилишимиз керак бўлади?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Тавоф намозини унутиб ўқимаган киши, уни эслаган пайтда ўқиб олади. Масжидул ҳарамда ўқиш афзал, буни имкони бўлмаса, қаерда ўқилса ҳам дуруст бўлади.

Бу намоз тавоф қилган инсоннинг зиммасидан ҳеч қачон соқит бўлмайди. Ҳатто уни ўқимаган киши уйига қайтгандан кейин эсласа, ўқиб қўяди. Фақат нафл намоз ўқиш макруҳ бўлган пайтларда ўқимайди.

“Барча китоблардаги машҳур гап шуки, тавоф намозини Масжидул ҳаромда ўқиш бошқа жойда ўқишдан афзалдир. “Лубоб”да: “Тавоф намози бирор вақт ва бирор жойга хосланган эмас. Бу намоз ҳеч қачон соқит бўлмайди. Агар ўқилмаса, қон вожиб бўлди, дейилмайди. Агар ҳарам ҳудудидан ташқарида ёки ватанга қайтгандан кейин ўқилса ҳам, жоиз бўлади. Бироқ бундай қилиш макруҳдир” дейилган (“Раддул муҳтор”, “Лубобул маносик”). Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

782 марта ўқилди

Мақолалар

Top