Мақолалар

Юксак ва самимий эҳтиром

Куни кеча давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат Раҳбарининг ўзбекистонлик ҳожилар ҳолидан хабар олиш мақсадида алоҳида эътибор билан қўнғироқ қилиши илгари ҳеч кузатилмаган эди.

Юртбошимиз Муфтий ҳазратларидан Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб турган зиёратчиларимизнинг ҳаж ибодатига тайёргарлик жараёнлари, улар учун яратилган шароитлар, сиҳат-саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради.

    Мулоқотда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Президент ҳожиларнинг ҳолидан хабар олишидан зиёратчилар хурсанд бўлаётганини ҳамда у кишининг салом ва тилакларини барча ҳаж ибодати ниятида турган юртдошларимизга етказишини маълум қилди. Шунингдек, давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш ҳақидаги одилона сиёсат муборак диёрда ҳам амалда бўлаётгани, юртдошларимиз эъзозу ҳурматда бўлиб, улар учун барча шароитлар ҳозирлангани, бу қулайликларни нафақат ўзимизнинг зиёратчилар, балки Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳаж ишлари масъуллари ва ўзга юрт ҳожилари эътироф этаётганини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, айниқса, бу йилги ҳаж мавсумига ўзгача тайёргарлик кўрилди. Айни пайтда қарийб 12 минг нафар ўзбекистонлик Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Жами 15 минг 130 нафар фуқаро ҳаж ибодатига бориши белгиланган. Уларга 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпазлар, таржимонлар ва бошқа кўмакчилар ҳамроҳлик қилади.

2024 йилдан бошлаб яна бир янгилик Саудия Арабистонида бўлиб турган диний соҳа ходимлари ҳамда қори зиёратчилар томонидан Қуръони каримни хатм қилиш йўлга қўйилди. Шу кунгача 1 515 та хатм ўқилиб, юртга тинчлик, халққа фаровонлик тилаб дуолар қилинган.

Хабарларда: “Бу каби эътибор ва шароитларни арабистонлик мутасаддилар ҳам юқори баҳолаб, Ўзбекистон Президентига ҳурмат ва дуоларини изҳор этмоқдалар”, дейилмоқда.

            Ушбу эътирофлардан мамнун бўлган Президент ҳам:

            – Ҳар куни борганларнинг мулоқоти ва таклифларини кўриб, жуда хурсанд бўляпман. Агар биз таҳлил қилсак, мустақилликнинг биринчи йилида 12 нафар эди, ҳозир 15 мингга яқин фуқароларимиз ҳажни адо этиб, 30 минг қўл дуо қилади, — деди.

Суҳбат чоғида Юртбошимиз: “…Энг катта мақсадим, ҳозирги таҳликали замонда маънавиятимиз, маърифатимиз, ўзлигимиз, тинчлигимиз, юртимиздаги шукроналикни ҳар бир зиёратчи келганидан кейин ўзининг кўчасида, маҳалласида янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, тарғиботчи деган, бир ибора билан, ўзингиз бош бўлиб, ёшларимизга тарбия нуқтаи назаридан янгича ташаббус билан келсанглар ва ташаббусларингизни бутун халқимиз қабул қилса”, деб мақсадларини билдирди.

  Ўз навбатида Муфтий ҳазратлари ҳам ҳожиларимиз учун яратилган имконият ва шароитлар ўта юқори даражада эканини таъкидлаб, мана шунча имкониятларнинг жавоби – ватанга муҳаббат билан унга хизмат қилиш орқали қайтарилишини ҳожилар билан келишиб олингани, бу йилги ҳожиларимиз ватанга садоқатли тарғиботчи, уни севишга чақирувчи, ёшларни тарбиячиси бўлиб юртга қайтишини айтиб ўтди. Шунингдек, ҳар куни ҳожилар билан юртга қайтгандан сўнг маҳаллаларда ёшларга ватан туйғусини, юрт фаровонлигини сингдириб боришга, уларни илму маърифатга тарғиб қилишга, Ўзбекистон деган юртни бутун дунёга танилишига сабаб бўлган ажодларимиз ва сиз каби ватани, халқи ва ёшларини севувчи юрт раҳбарини берган Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, ёшларни мана шундай кайфиятда тарбия қилишга келишиб олинганини таъкидлади.

         Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳеч муболағасиз ҳаж ибодати учун ҳожиларимизга кўплаб қулайликлар муҳайё қилинган. Бу шароитларни бориб, ўз кўзлари билан кўрган зиёратчилар эътироф этишмоқда. Маблағи бўлатуриб, умрида бир марта Ислом фарзларидан бири бўлган ҳаж ибодатини амалга ошира олмай, армон билан бу дунёдан ўтиб кетган қанчадан-қанча аждодларимиз бўлган. Бугунги кунга келиб, ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар мукаммал тарзда яратиб берилмоқда. Мана шунча фазилатли ишларга шахсан Юртбошининг ўзи телефон орқали ҳожилар ҳолидан хабар олиши яна бир хурсандчилик бўлди. Бу эътибордан ҳожиларимиз ва бутун мамлакитимиз аҳли ҳам мамнунлик туйди.

            Аллоҳ таоло бизни берган неъматларига шукр айтишга буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилишни ваъда қилди:

«Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим сураси, 7-оят)..

Демак, Парвардигоримиз биз бандаларга берган неъматларига шукр айтсак, қадрига етсак – Аллоҳ биздан рози бўлади ва янада зиёда қилар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Одамларга ташаккур қилмаган (инсон) Аллоҳга ҳам шукр қилмайди, деганларини имом Термизий ривоят қилган.

Буюк бобокалонимиз Қаффол Шошийнинг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтиришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.

Юртимизда истиқомат қилаётган барча мўмин-мусулмонлар динимиз учун яратилган имкониятлардан мамнун бўлиб ҳаёт кечирмоқдалар. Бундай неъматнинг шукронаси – ҳар бир инсон тўғри ва ҳалол бўлиб, ибодат ва савобли амалларини холис Аллоҳ таоло учун адо этиб, ўзгаларни ҳам яхшиликка ва маърифатга чақирган, ёшларни одоб ва илм соҳиблари, ватанига садоқатли қилиб тарбиялашда жонбозлик кўрсатган ҳолда ҳаёт кечиришлари бўлади, иншоаллоҳ.

Зайниддин домла Эшонқулов,

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари

 

 

727 марта ўқилди

Мақолалар

Top