Мақолалар

Бир шингил узум воқеаси

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: “Онам бир бош узумни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элтиб беришимни буюрдилар. Мен эса уни йўлда еб қўйдим. Кейинроқ онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни    учратиб қолиб, у зотдан: “Абдуллоҳ сизга бир бош узумни элтиб бердими?” деб сўраб қолдилар. У зот: “Йўқ”, деб жавоб бердилар. Кейинчалик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон мени учратиб қолсалар: “Хиёнат, хиёнат!” дер эдилар”.

Улуғ мутафаккир Муҳаммад Ҳусайн ушбу ривоятни қуйидагича шарҳлаган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам болани айблаш ниятида эмас, шунчаки ҳазил йўли билан унинг эътиборини омонатга хиёнат қилмасликка қаратганлар. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни икки марта такрорлагани эса хатога йўл қўйган болани келгусида бундан эҳтиёт бўлишни эслатиш учун бўлган. Чунки Абдуллоҳ ибн Буср ёш бола бўлганлар”.

Бир бош узум воқеаси Абдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳуга бир умрлик сабоқ бўлди.  У зот шу воқеадан кейин омонатга жиддий қарайдиган  бўлдилар. Баьзиларга  ўхшаб  “Ёш бола-да, егиси келган бўлса, егандир-да, шунга ота гўри қозихонами!” демаслик керак.  Ота-она гоҳида    фарзандини  синаб  кўриш учун  қўлига  бирор  омонат  бериб  ”фалончига олиб бор”, деб синаб кўриши керак. Бу синов бир эмас, балки бир неча  марта такрорланиши  зарур.  Ана шундай  синовлардан муваффақиятли ўтгандан кейингина болага ишонса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларини қарангки, шу болага танбеҳ  бермадилар, балки “хиёнат хиёнат” деб қўйишларининг ўзи Абдуллоҳ учун ҳар қандай тарбиядан таъсирлироқ бир ҳолатни юзага келтириб чиқарганки,  натижада, Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу бир умр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу сўзларини эслаб юрганлар ва унга амал қилганлар. Ҳаттоки Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг  дуоларига  сазовор  бўлганлар.  Абдуллоҳ  ибни  Буср розияллоҳу  анҳу  ривоят қилади: “Отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уйга  меҳмон бўлишга таклиф  қилдилар. У зот таклифга  жавобан келдилар. Отам онамдан: “Бирор  егулик  борми?” деб сўрадилар. Онам эса: “Ҳа” деб  данаги олинган  хурмони олиб келди. Икковлари уни  едилар. Кейин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  дуо қилдилар. Сўнгра менга  илтифот қилиб  қўллари  ила  бошимни  силаб  туриб  ҳаққимга  дуо  қилдилар-да:  “Бу бола  бир аср  яшайди”,  дедилар.

Ҳақиқатан,  Абдуллоҳ ибни  Буср  розияллоҳ  анҳу мазкур  дуонинг  шарофати ила  роппа-роса бир аср  яшадилар ва “ Шомнинг  баракаси” деган  номга  сазовор  бўлдилар. Ушбу ҳадиси  шарифдан  келиб чиқиб устозлар “Боланинг бошини силаб туриб дуо  қилиш  суннати  набавиядир”, дейдилар. Ушбу суннатга амал қилиш доимо ўзининг ижобий  самарасини бериб келган. Ота-боболаримиз ушбу суннатга  шу даражада этибор берганларки, натижада,  урфимизнинг  ажралмас бир  қисмига  айланиб  кетган.  Лекин, афсуски,  кўплаб суннатлар  каби  ушбу суннат  ҳам  охирги  даврларда  унутилиб  бораяпти. Балки  шунинг  учундир,  ёшлар  ўртасида  жиноят, талон-тарож  қилиш, майда  безориликлар ва яна қандайдир  нохушликлар  кўпайиб  бораяпти.  Аслида эса биз писанд  қилмаётган биргина  суннатнинг  ортида  қанчадан-қанча ҳикматлар ва  манфаатлар  бор. Шунинг  учун  ҳам  ота- она,  фарзандлар  тарбиясига  бепарво  бўлмасдан  мазкур  суннатга амал  қилмоғи  керак. Ҳозир  айнан шунинг  фурсатидир. Чунки ҳозир биз  Пайғамбаримиз  солаллоҳу  алайҳи  васаллам  таваллуд  топган  ойда  турибмиз. Барчамизга  бу  ой муборак  ва  хайрли  бўлсин!

Исҳоқжон  Бегматов,

ЎМИ масжидлар бўлими ходими 

7253 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top