Мақолалар

Фарзанд билан меҳр-муҳаббатни мустаҳкамловчи 80 услуб (4 қисм)
  1. Фарзандларингизга исмининг биринчи ҳарфи туширилган ёки ёқтирган сурати тасвирланган кружка ёки футболка совға қилинг.
  2. Фарзандларингизга табрикнома ёзиб уни хонасига қўйиб қўйинг.
  3. Ўғлингизни ҳозирдаги ва чақалоқлигидаги суратини бир рамкага жойлаб, унга ҳадя қилинг.
  4. Ўғилларингиз билан компьютер ўйинлари мусобақасини уюштиринг.
  5. Фарзандларингиз ўзлари ёқтирган машғулотлари билан шуғулланишлари ва ҳордиқ чиқаришлари мумкин бўлган бир кунни тайинланг. Шунингдек, фарз амалларини ўз вақтида бажаришларини (намоз, рўза каби), динда тақиқланган ишларга қўл урмасликларини ва кун давомида нималар билан шуғулланаётганликларини назорат қилинг.
  6. Ҳар бир фарзандингизга қоғоз ва қалам бериб, бир-бирлари ҳақидаги ижобий фикрларини ёзишларини ҳамда буни бир-бирларига ўқиб беришларини айтинг. Шунингдек, бир-бирларига билдирмасдан совғалар беришларини та­йинланг.
  7. Ўғлингиз билан сув бўйида ўтириб дилдан узоқ суҳбатлашинг.
  8. Узоқ сафарда бўлганингизда фарзандларингизга қўнғироқ қилиб уларни жуда соғинганингизни айтинг.
  9. Фарзандингиз илк маротаба мактабга борган кунини тас­вирга олишни унутманг. Чунки бу унинг ҳаётидаги энг муҳим кунлардан биридир.
  10. Гоҳ-гоҳида фарзандингизнинг қулоғига шивирлаб бирор муҳимроқ гап айтинг. Бу билан фарзандингиз ўзини сизга яқин деб ҳис қилади.
  11. Бир неча кунлик сафарга чиққанингизда фарзандларингизга сафар кунлари ададича сирли қутичалар қолдиринг. Қутичалар ичига кичкинагина совғаларни жойланг. Улар ҳар куни биттадан қутичани очиб кутилмаган совғалардан ҳайратлансинлар.
  12. Кийим-кечак харид қилганингизда фарзандларингизни ҳам фикрини сўранг. Кийим танлашда улар сизга ёрдам берсинлар.
  13. Фарзандларингиздан бахтиёр оилани ифодаловчи бирор рамз чизишларини сўранг.
  14. Оилавий ҳашарлар уюштириб туринг. Биргаликда қилинган меҳнат мароқли бўлади, кайфиятни кўтаради.
  15. Фарзандларингиз билан барчага ўрнак бўладиган, ҳамма ҳавас қиладиган бахтиёр оила ҳақида суҳбат қуринг.
  16. Бирор байрам муносабати билан фарзандларингизга совғалар номи ёзилган рўйхат беринг, улар ўзларига ёқадиган совғаларни танласинлар.
  17. Ҳар ой (ёки йил) охирида умумий сарҳисоб уюштиринг. Барчанинг биргаликда эришган ютуқлари ва ҳар бир оила аъзосининг эришган муваффақиятларини бирма-бир кўриб чиқинг ва уларни муносиб рағбатлантиринг.
  18. Фарзандларингизни ёшлик чоғларидан китобни севишга ўргатинг. Ҳар бир ўқиган китобларини улар билан биргаликда мушоҳада қилинг. Шунингдек, уйингизда китоб жавони ташкил қилинг.
  19. Фарзандларингизни кичик ёшларидан бошлаб спорт билан шуғуллантиринг.
  20. Фарзандларингизга дўст бўлинг. Уларни ҳаётда ўз ўринларини топишларида, айниқса, касб танлашларида иқтидорларига қараб тўғри йўналтиринг.

 

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

512 марта ўқилди

Мақолалар

Top