Мақолалар

Аллоҳ ризқ беради

Банданинг ризқини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан ўлчаб қўйилган. Шу ризқ бандага етиб келгай. Ҳолбуки сон-саноқсиз жониворларнинг ризқини етказган Аллоҳ таъоло инсоннинг ризқини ҳам бергай. “Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир” (Анкабут, 60).

Ривоят қилибдиларки, басралик бир савдогар Чин мамлакатига тижорат учун йўлга чиқди. Йўлга тушиб, энди кемага чиқаётганида бир кекса оқосқол қўлида бир қоп юк билан келиб савдогарга илтимос қилди:

“Мен шу қопдаги қалайларни денгизга ташлайман деб назр қилган эдим. Агар малол келмаса шуни олиб кетсанг, денгизнинг ўртасига келганда сувга ташлаб юборарсан.

Савдогар қопдаги қалайларни олиб қолди ва эҳтиёт шарти ила чолнинг кимлиги ва турар жой манзилини суриштириб олди. Йўлга тушиб денгизнинг ўртасига яқинлашганида бирдан қаттиқ шамол бўлиб тўфон кўтарилиб, қопни сувга ташлаш ёдидан кўтарилиб қолди. Манзилга етиб бориб савдо-сотиғини бошлаган эди, бир йигит келиб унинг қаердан келганини сўраб билганидан кейин:

Басранинг қалайлари сифатли бўлади, мабодо олиб келмадингизми? деб сўраб қолди. Шунда савдогар мўйсафиднинг илтимосини унутганини билди. Ўзича мулоҳаза қилиб, қалайни сотиб, пулини эгасига топширишни маъқул кўрди.

Басрага қайтгач, мўйсафид яшаган маҳаллага бориб, уни суриштирса, вафот этган экан. Меросхўрларига берай, деса ўзи ёлғиз яшаган экан. Айтишларига қараганда бир камбағалроқ жияни бор экан, лекин у билан ҳам: “Сен мерос олиш учун менинг ўлимимни кутиб юрибсан”, деб ранжитаверганидан йигит шаҳардан бош олиб кетиб қолган экан.

Савдогар яна бошқа меросхўр чиқиб қолар, деган ниятда пулини асраб қўйди. Орадан кўп ўтмай Чин мамлакатида ундан қалайни сотиб олган йигит келиб қолди.

Мен қалайини уйга олиб бориб синдириб кўрсам, орасидан олтин чиқди. Мен сиздан олтин эмас, қалай сотиб олган эдим, бу олтинлар мен учун ҳаромдир, деб ортингиздан суриштириб юриб топиб келдим”, деб келганининг сабабини тушунтирди йигит.

Савдогар ҳам унга қалайни қандай қилиб олиб, унга нима учун сотганини, чолнинг меросхўри кетиб қолгани ҳақида батафсил гапириб берди. Бу сўзларни эшитган йигит кулиб юборди.

“У мўйсафид менинг амаким бўлади. Мен ўша ёлғиз меросхўрман. Амаким бойлигини сувга ташлашидан мақсад мени меросдан маҳрум қилиш эди. Лекин Аллоҳ таоло уни менга насиб қилган экан, ўзим ҳам билмаган ҳолда менга етказди”, деди.

Йигитнинг чиндан ҳам мўйсафидга жиян экани тасдиқлангач, савдогар унга омонатни топширди.

Ҳа банданинг тақдирда ёзилган ризқи қандай бўлмасин келади. Фақат кимлардир шошиб, ўша ризққа ҳаром йўл орқали етишади.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

901 марта ўқилди

Мақолалар

Top